Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Норози бўлса, судга берсин!

Жорий йил 13 август куни сайтимизда «Адоват муҳимми, адолат ёки собиқ прапорщик нимадан норози?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақола юзасидан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари У.Дўсматов имзоси билан жавоб хати олдик.

Унда мақола Марказий ҳарбий округи бошқарув аппарати мансабдор шахслари томонидан ўрганиб чиқилгани билдирилиб, қуйидагилар баён қилинган:

Мурожаатни ўрганиб чиқиш давомида фуқаро И.Мусаевнинг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган йиллари 20 йилдан кам бўлганлиги сабабли Мудофаа вазирининг 1990 йилдаги 500-сонли буйруғи талабларига асосан унга Мудофаа вазирлиги ҳисобидан пенсия тайинлаш учун асослар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шунингдек, фуқаро И.Мусаевнинг фуқаро Х.Янов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган аризаси юзасидан Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган ва натижаси бўйича 2017 йил 9 июль куни жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Фуқаро И.Мусаев 1986 йил мартдан 1994 йил январь ойига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида 7 йилу 10 ой календарь ҳисобда контракт асосидаги ҳарбий хизматни ўтаган ҳамда Мудофаа вазирининг 1994 йил 27 январь кунги буйруғи билан ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган.

Шундан сўнг Тожикистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида 1994 йил сентябрдан 1997 йил октябрь ойига қадар 3 йилу 1 ой календарь ҳисобда контракт асосидаги ҳарбий хизматни ўтаган.

Ариза муаллифи И.Мусаев мақолада келтирилганидек Мудофаа вазирининг 1994 йил 27 январь кунги буйруғи билан ҳарбий хизматдан захирага ноқонуний бўшатилганлиги ҳолати юзасидан тегишли суд органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги маълум қилинади.