Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ноябрь ойи Ўзбекистонда “Кексалар учун туризм ойлиги”, деб эълон қилинди. Улар қандай имтиёзлардан фойдаланиши мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ташкил қилиш вазифаси белгиланган.

Жорий йилнинг ноябрь ойи “Кексалар учун туризм ойлиги”, деб эълон қилинган. Бунда кексаларнинг туризм ойлигини муносиб ўтказиши, дам олишларини ташкил этиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида Республикадаги 212 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхона ва меҳмон уйи) хизматлари учун 50 фоизгача, 114 та умумий овқатланиш жойидаги хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.

Шунингдек, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 1-30 ноябрь кунлари Республика ичидаги авиайўналишлар учун 60 ёшдан юқори эркаклар ва 55 ёшдан юқори аёллар учун эконом ва бизнес тоифаларининг (LPR3M, UPR3M, SPR3M, OPR3M ташқари) жорий нархларга 25 фоиз миқдорда ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Республика ичидаги амалдаги тарифларга 10 фоиз миқдорда ҳамда “Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 15 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.

Шу билан бирга, кексаларни зиёратгоҳ ва маданий мерос объектларига кириш учун Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги 14 зиёратгоҳга нафақа ва кекса ёшдаги фуқаролар учун кириш бепул этиб белгиланган. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидаги 49 маданий мерос объектига кириш учун чегирмалар жорий этилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 14 ҳудуд бўйича зиёратгоҳлар ва қадамжоларни ўзаро боғлаган ички туризм саёҳат дастурлари ишлаб чиқилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан барча ҳудудлардан фуқаролар йиғинларидаги кекса авлод вакилларидан иборат фаолларни кенг жалб этиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Ўзбекистонда ички туризмга рухсат берилгани муносабати билан кексаларнинг дам олишини мазмунли ташкил этишда уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги таъминланиб, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинади.