Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нурмат Атабеков СOVID-19 бўйича тарқалаётган аудио-хабарларга изоҳ берди

Юртимизда коронавирусдан касалланиш бўйича кунлик кўрсаткичларда нисбатан кўтарилишлар кузатилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ана шу ўсишлар фонида ижтимоий тармоқларда қатъий карантин чоралари яна кучайтирилиши, вируснинг янги штаммлари тарқалаётгани, шифохоналарда “оёқ босишга жой йўқ”лиги ҳақидаги аудиоёзувлар сиздирилмоқда.

Ушбу гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Бу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Атабеков атрофлича жавоб берди:

— Бу аудиоёзувларларни тинглаб кўрсангиз, улар сизга таниш туюлади. Чунки ушбу хабарлар касаллик авж олган ўтган йилги пандемия даврида ҳам ўртага чиққан эди. Буни улардаги лексика ва умумий манзарадан ҳам сезиш қийин эмас.

Дейлик, бу хабарлардан бирида вируснинг янги штамми тарқалиб кетгани ҳақида сўз боради.

Ҳолбуки, айни пайтда юртимизда коронавируснинг асосан “омикрон” штамми аниқланмоқда. Бу беморларнинг 98 фоизида касаллик енгил даражада кечяпти. Мазкур штаммнинг юртимизда тарқала бошлаганига эса ярим йилга яқинлашяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати расмий манбаларида коронавируснинг тарқалиши бўйича сўнгги янгиликлар бериб борилмоқда. Асл вазиятга қарайдиган бўлсак, бир кунда мамлакатимизда ўртача 100-120 та касалланиш қайд этилмоқда. Албатта, 35 миллион аҳоли орасида бу — жуда кичик кўрсаткич.

Шундай бўлса-да, COVID-19 га чалинмасликнинг асосий ва энг самарали йўли вакцинация бўлиб турибди. 2 ёки 3 босқичли эмлашни қабул қилган фуқаролар 6 ойдан сўнг бустер дозани олишлари, шундан 6 ой ўтиб, яна қайта эмланишлари мумкин.

Юқоридаги асоссиз хабарларни тарқатаётган кимсалар аҳоли орасида хавотир уйғотишга ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди.

Шу боис фуқаролардан ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни соғлом ақл билан баҳолашларини, уларни тарқатаётганда асослилигини текшириб кўришлари сўралган.