Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нурободнинг олис қишлоғида давлат хизматлари сайли бўлиб ўтди

Олға Нуробод тумани марказидан 45 километр олисда жойлашган қишлоқ. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси шу қишлоқда “Ўзимиз келдик” акцияси доирасида давлат хизматлари кўрсатиш сайлини ташкил этди.

Сайил ва унинг доирасида ташкил этилган тадбирлар нурободликларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилди. Дастлаб вилоят ва туман давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан сайил иштирокчиларига электрон хизматлардан фойдаланиш тартиби, соҳадаги янгилик ва марказларда фуқароларга яратилган қулайликлар тўғрисида маълумот берилди.

Сўнгра ФҲДЁ соҳасига доир 40 га яқин хизмат кўрсатилди, 30 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 20 га яқини жойида ҳал этилди. Жумладан, Орол Раҳмонов невараси М.Ҳусаиновни боғчага жойлаштириш учун навбатга қўйишда ёрдам сўради. Фуқаронинг мурожаати шу ерда ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 10 нафар оила фарзандларига туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

Бахтиёр Дўғонов 2005 йилда оила қурган бўлса-да, қонуний никоҳдан ўтмаган. Икки нафар фарзандининг туғилганлигини ҳам қайд қилдиришга қунт қилмаган. Сайилда унинг мурожаати рўйхатга олиниб, никоҳини қайд қилиш масаласи тегишли тартибда ижобий ечимини топадиган бўлди. Фарзандларига эса шу ернинг ўзида гувоҳнома топширилди.

Сайил давомида фуқаролар ўзларининг ҳуқуқий билимларини ҳам синовдан ўтказди. “Сиз давлат хизматлари ҳақида нималарни биласиз?” викторинасида ўртага ташланган савол-жавоблар олғаликларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширди. “Давлат хизматлари мен учун” расмлар танловида эса тумандаги ҳаваскор рассомлар давлат хизматлари ҳақидаги тасаввурларини ранглар орқали ифода этишди. Ғолиблар бошқарманинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди, фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайил дастуридан хонандалар ижросидаги концерт, бадиий чиқишлар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ўрин олди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.