Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Олға"ликлар муаммолари ҳал бўлишини қачонгача кутади?

14 июнь куни «Zarnews.uz» телеграмм канали ҳамда веб-сайтида Нуробод туманида истиқомат қилувчи нафақахўр А.Эшмирзаевнинг «Олғаликларнинг муаммоларини ким ҳал қилиб беради?» мақоласи эълон қилинган эди.

Туман ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мақолада келтирилган "Олға" маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд муаммолар атрофлича ўрганиб чиқилди.

Марказлашган ичимлик сув таъминоти бўлмаган аҳоли пунктларини тоза сув билан таъминлаш мақсадида Олға-Ҳазармали ҳудудларида 2019-2020 йилларда лойиҳа қиймати 5 миллиард 270 миллион сўм бўлган ичимлик сув иншооти ва 20 километр ичимлик сув тармоқлари тортилиши Инвестиция давлат дастурига киритилиб, қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ бажарилди.

Олға-Ҳазармали аҳоли яшаш пунктларининг ер остида тоза ичимлик сув манбаси бўлмаганлиги сабабли Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Хушали қишлоғида сув манбаси аниқланиб, сув иншоотининг сув насослари учун 9 километр электр тармоқлари тортилиб, 1 дона ТП-63 трансформатор ўрнатилди. Хушали қишлоғидаги сув иншоотидан "Олға" маҳалласигача 15,2 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 160 погонометр ҳимоя девори, сиғими 200 метр куб бўлган сув ҳовузи ва сув насоси сақлаш хоналари қурилди.

2020 йилда Олға ҳудудидан Чорвадор маҳалласига 5 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, ушбу ҳудудда 1 дона сув сақлаш иншооти қурилди. Мазкур иншоотлардаги ичимлик суви Нуробод тумани давлат санитария-эпидемология назорат марказининг 2020 йил 14 октябрдаги «Ичимлик суви ва очиқ сув ҳавзаларини текшириш баённомаси»га асосан ичишга яроқлилиги ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги аниқланган. Ушбу сув иншоотидан Олға ва Чорвадор маҳаллаларидаги аҳоли ҳамда ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларида фойдаланиб келинмоқда.

Шунингдек, келгусида ҳудуддаги аҳолини тўлақонли ичимлик суви билан таъминлаш учун 1 дона махсус сув ташувчи махсус техника ажратилиши режалаштирилган.

Олға ва Ҳазармали маҳаллаларида 5 километр ички тупроқ йўллар тош қопламали йўлларга айлантирилган. Шунингдек, ҳудуддаги маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлларининг 10 километр қисмида жорий таъмирлаш ишлари бажарилган бўлиб, жорий йилнинг 15 июлига қадар 1,1 километр ички йўлни асфальт-бетон қопламали йўлларга айлантириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга жорий йилда давлат дастурига асосан 1 дона трансформатор ва 120 дона темир-бетон устунлар ўрнатиш ҳамда  6 километр электр ҳаво тармоқларини тортиш-ўрнатиш ишлари бажарилиши белгиланган.

Мақолада маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактаблар ҳақида ҳам ёзилган. Бу ерда 3 та умумтаълим мактаби бор. 30-умумтаълим мактабида спорт зали мавжуд бўлиб, маҳалла ўқувчи-ёшларининг спорт соҳасида машғулотлар олиб бориши учун барча шарт-шароитлар етарли.

Туман халқ таълими бўлими томонидан олий ўқув юртларининг битирувчи курс талабаларига педагог ходимларга эҳтиёжи мавжуд бўлган мактаблар фаолияти таништирилиб, фанлар кесимида 3 томонлама шартномалар имзоланмоқда.

Шунингдек, умумтаълим мактабларидаги синфхона, ўқув қуроллари ва жиҳозларининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар 2021-2022 ўқув йили бошлангунига қадар тўлиқ бартараф этилади.

Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.