Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олимлар ядро урушидан қайси давлатларда омон қолиш эҳтимоли юқори эканини аниқлашди

Ядро урушини фараз қиладиган бўлсак, Австралия ва Аргентина унинг оқибатлари билан яхши курашади. АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Ратгерс университети олимлари Nature Food журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра шундай хулосага келишди.

Мутахассислар ядровий можаронинг назарий сценарийсини моделлаштиришди. Уларга кўра, шаҳарлар ва саноат марказларига ташланган атом бомбалари даҳшатли ёнғин бўронларини келтириб чиқаради, ёнғин зарралари чиқиндиси туфайли дунё атмосфераси ифлосланади. Бу иқлим ўзгаришига олиб келади ва қуруқликда, океанларда озиқ-овқат захираларини йўқ қилади.

“Агар атмосферага 150 тераграм (165 миллион тонна) дан ортиқ қурум чиқса, апокалипсисдан 3-4 йил ўтгач, ғалла истеъмоли қарийб 90 фоизга камаяди”, деб башорат қилмоқда экспертлар.

Мутахассислар томонидан чоп этилган хариталар шуни кўрсатадики, Австралия ва Аргентина атмосферага энг кўп миқдордаги қурум чиқиндилари билан ҳам оптимал озиқ-овқат истеъмолини сақлаб туриши мумкин.

"Янги Зеландия ҳам бошқа давлатларга қараганда нисбатан камроқ таъсирга эга бўлади. Аммо бу сценарий рўй берса, минтақа озиқ-овқат танқислигидан азият чекаётган Осиё ва бошқа мамлакатлар қочқинлари оқимига дуч келади", - дейилади мақолада.

Тажриба давомида экспертлар реал давлатлар ўртасидаги эҳтимолий можаролар оқибатларини ҳисоблаб чиқди. Масалан, Россия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида кенг кўламли ядро уруши содир бўлган тақдирда, беш миллиарддан ортиқ одам ҳалок бўлиши мумкин. Сайёрани ядро қиши қоплайди.

Россия президенти Владимир Путин, февраль ойида Украинада махсус ҳарбий операция бошланганидан бир неча кун ўтиб, ядровий қуролни ўз ичига олган стратегик тўхтатувчи кучларни махсус шай ҳолатга келтирди. Ваҳоланки, Кремль бундан фойдаланиш нияти Москвада йўқлигини бир неча бор таъкидлаган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса апрель ойида ядро урушининг “ўта жиддий” хавфлари ҳақида гапириб, Москванинг принципиал позицияси бундай қуроллардан фойдаланмаслик эканлигини айтганди.

Г.Холдорова тайёрлади.