Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олимпиада машъаласи эстафетасига 25 март куни старт берилади

Токио Олимпиадаси ташкилотчилари Олимпия машъаласи эстафетаси 25 март куни режалаштирилган тарзда бошланишини тасдиқлади, деб хабар бермоқда Reuters.

Эстафета Фукусима префектурасидаги собиқ «J-Village» футбол ўқув марказида бошланади. "Фукусима-1" АЭСидаги авариядан сўнг бу жой ликвидаторлар эҳтиёжлари учун ишлатилган, кейин "Фукусима-1" АЭС ва унга туташ ҳудудларда радиация камайгани сари ушбу иншоот маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари учун ишлатила бошланди. Ушбу жойда машъала эстафетасининг бошланиши - 2011 йилги зилзила ва цунамидан кейин Фукусима префектураси ва мамлакатнинг шимоли-шарқини тиклаш рамзини англатади.

Таъкидланишича, маросим ва эстафетанинг биринчи қисми коронавирус билан боғлиқ чекловлар туфайли томошабинларсиз ўтказилади.

"Ўйинлар ташкилотчилари Олимпия машъаласи эстафетаси пайтида томошабинлар, машъала кўтарганлар, ходим ва эстафетанинг бошқа иштирокчилари, шунингдек, маҳаллий аҳоли ўртасида ҳар қандай инфекция тарқалишининг олдини олиш учун зарур чоралар кўриш орқали хавфсизликни таъминлашга тайёр", дейилади ташкилий қўмитада баёнотида.

121 кун давомида эстафета Япониянинг барча 47 префектуралари бўйлаб ўтади ва 23 июлда - Олимпиада очилиши ўтказиладиган Токиода тугайди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси ва Токио ўйинлари ташкилий қўмитаси 2020 йил март ойининг охирида коронавирус пандемияси сабабли Ёзги Олимпия ўйинларининг 2021 йилга қолдирилишини эълон қилди. Айни пайтда мусобақа 2021 йил 23 июлдан 8 августгача давом этиши режалаштирилган. Ушбу Олимпия ўйинлари спорт турлари бўйича (33 тур) ва ўйналадиган медаллар тўплами бўйича (339) энг катта бўлиши кутилмоқда. Дастлаб 10-12 минг спортчи иштирок этиши режалаштирилган эди, аммо коронавирус туфайли бу рақам икки баравар камайиши мумкин. Чет эллик меҳмонлар иштирокида ўтказиладими ёки фақат япониялик томошабинлар биланми ёки умуман томошабинларсиз ўтказиладими, деган саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.