Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева ташаббуси билан аёл депутатлар ва минтақанинг етакчи аёллари ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилди

2021 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Қирғизистон Республикасига расмий ташрифи доирасида Қирғизистон Республикаси Жокорку Кенеши Торағаси Талант Мамытов билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, минтақалар ва икки мамлакат пойтахтлари ўртасида ҳамкорлик қилиш нуқтаи назаридан муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим масалалари ҳақида сўз борди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева қайд этганидек, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли муносабатлар барча соҳалардаги ҳамкорлигимизнинг изчил ижобий динамикаси учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги 4 йил мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 баробардан ошгани ва ўтган йили 900 миллион доллардан ортгани икки томонлама алоқалар тобора фаоллашиб бораётганининг ёрқин мисолларидан биридир.

Бундан ташқари, гендер тенгликни таъминлаш, биргаликда ташаббусларни илгари суриш, халқаро парламент тузилмалари ва ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳамкорлик қилишга эътибор қаратилди.

Қирғизистон Республикаси Жокорку Кенеши Торағаси Т. Мамытов Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларга, Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.

Т. Мамытов Ўзбекистон билан ҳамкорлик Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Т.Нарбаеванинг Қирғизистонга ташрифи муносабатларнинг янада ривожланишига яхши туртки берди.

Парламентлараро ҳамкорлик ҳақида сўз борганда Т. Мамытов парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик самарали тус олаётганини таъкидлади. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева ташаббуси билан аёл депутатлар ва минтақанинг етакчи аёллари ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилганини қайд этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси ва Жогорку Кенеш Торағаси Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўртасидаги музокаралар давомида эришилган барча келишувларни амалга ошириш учун чора-тадбирларни кўришга келишиб олдилар.

Томонлар парламент назоратини амалга оширишда тажриба алмашиш, қонунчилик фаолияти соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва парламент дипломатиясини фаол тарғиб қилишдан манфаатдорлигини билдирди.