Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Она тилим – қалбим қуёши

Тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлиши муносабати билан институтнинг педагогика факультетида факультет ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида “Она тилим – қалбим қуёши” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда сўз олган педагогика факультети ёшлар масалалари бўйича декан ўринбосари Маҳмуд Холмуродов ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб, ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, йиғилганлар тилимизни давлат тили сифатидаги мақоми, унинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш, тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириб, тараққий этган тиллар сафига киритишда барча ўз ҳиссани қўшиши зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг факультет талабалари томонидан ўзбек романчилигига асос солган, миллатни ҳурлик ва эркинликка чорлаган Абдулла Қодирий ҳаёти ва фаолиятига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тадбирда ўзбек тилини улуғловчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.

Тадбирда талабалар ўртасида она тили бўйича эссе, кўргазма ва видеороликлар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Эсселар бўйича 1-ўрин педагогика факультети талабаси Райҳона Абдуғафуровага насиб этди. Танловда ғолиб бўлган талабалар институт томонидан тақдирланди.

Дилафрўз Негматова,
Нафиса Қаюмова,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти тюторлари.