Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқдарёлик таниқли журналист Жамол Турсунов ёд этилди

Вилоят Матбуот уйида оқдарёлик таниқли журналист Жамол Турсуновнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида хотира тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирга Ж.Турсуновнинг яқинлари, дўстлари, ҳамкасб ва шогирдлари таклиф этилди.

Тадбирда шоир Фармон Тошев у киши ҳақидаги илиқ хотиралари, фаолиятидаги қизиқарли воқеаларни ёдга олди.   

Ҳамкасбим, тенгдошим Жамол Турсуновни эслаш, у ҳақидаги тобора тиниқлашиб бораётган хотиралар сандиғини титкилаш ҳамиша азобли, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова. – У тирик бўлганида бугун 70 ёшни қаршилаган бўларди. Ҳамиша очиқкўнгил ва яхшиликлар орзусида юрган инсон эди. Мураккаб даврларда мухбирликнинг залворли юкини елкасига ортиб, қисматини сўз излаш азобига кўндирган эди. Аслида ишхона ҳам муқаддас оила бўларкан. Йиллар давомида бу оила аъзолари бир-бирларига хайрихоҳ, омадларию ташвишларини биргаликда чекадиган инсонларга айланиб кетаркан.

Ж.Турсуновнинг курсдош дўсти, профессор Суюн Каримов биргаликда ўтган талабалик йилларини, кейинчалик таҳририятдаги фаолиятини яхши хотиралар билан тилга олди. 

Жамолнинг суҳбатлари дўстларга ҳузур бағишлаб, ҳазиллари давраларга жон киритарди, - дейди С.Каримов. - У эса борини бошқалардан аямас, ижодий баҳсларда фаол қатнашар, муомаласи билан кўпчиликка ўрнак бўларди. Ж.Турсунов ҳақиқий ижодкор эди. Ўзига хослик, равонлик, бадиийлик борасида кўпчилик ҳамкасблари ундан ўрнак олишга интиларди. 

Хотира кечасида иштирок этган яқин дўсти Марди Очиловнинг ўғли Жўшқин Очилов ҳам болаликдаги ўша дамларни, у кишининг уйларида суҳбатларида бўлганлигини, насиҳат бериб турганлигини эслади.

Шунингдек, кечада журналист Абдурасул Сатторов томонидан тайёрланган Ж.Турсунов ҳақидаги “Баҳор янглиғ беғубор қалб” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Дилмурод Тўхтаев.