Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ўқиғувчи маъзур тутсин, эшитғувчи таарруз мақомидин ўтсун”

Заҳириддин Муҳаммад Бобурга шуҳрат келтирган шоҳ асари "Бобурнома"дир. Асар нодир тарихий манба, шунингдек, адабиётшунослик, тилшунослик, табиатшунослик, санъатшунослик, жамиятшунослик, минерология, жой номлари, тиббиёт каби илм-фаннинг турли соҳаларини қамраб олувчи қомусий китоб ҳам. Тасвирнинг ғоят кенг қамровлилиги, асар муаллифининг билим ва қизиқиш доирасининг беқиёслиги, воқеа-ҳодисаларнинг ростгўйлик билан ҳалол тасвирлангани "Бобурнома"нинг бу қадар кўп тиллар (форс, инглиз, француз, немис, голланд, турк, рус, япон, испан ва ҳоказо)га таржима қилиниши, қайта-қайта нашр этилиши, жаҳон бўйлаб шуҳрат топишига сабабчи бўлди.

Бобур ўзининг "Бобурнома" асари билан туркий адабиётда реалистик насрни бошлаб берди, содда, халқона услубга асос солди дейиш мумкин. Асарни тафаккур кўзи билан мутолаа қилган киши "Бобур Мирзо - инсонлар ичида энг ростгўйи" эканлигига сўзсиз амин бўлади. Муаллиф ўз асарлари мавзусини асосан ҳаётдан олган. Бобур меросининг ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги, туйғуларининг табиий ва самимийлиги шундан. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқат, ростгўйлик, адолат шоирнинг, хусусан, "Бобурнома"нинг бош мезони. Бу ҳақда муаллиф шундай ёзади: "Бу билганлардан ғараз шикоят эмас, рост ҳикоятдурким, битибтурмен. Бу мастур бўлғонлардин мақсуд ўзнинг таърифи эмас, баёни воқеаи бу эдиким, таҳрир этибтурмен. Чун бу тарихда андоқ илтизом қилибтурким, ҳар сўзнинг рости битилган ва ҳар ишнинг баёни воқеини таҳрир этилгай. Ложарам ота-оғадир ҳар яхшилиқ ва ямонлиқким, шое эди, тақрир қилдим ва қариндош ва бегонадин ҳар айб ва ҳунарким баёни воқе эди, таҳрир айладим. Ўқиғувчи маъзур тутсин, эшитғувчи таарруз мақомидин ўтсун".

Бобур тарихий воқеалар, тарихий сиймолар, табиат ҳодисалари ҳақида қанчалик ҳаққоният билан фикр билдирса, ўз шахсиятидаги номарғуб хусусиятлар ҳақида ҳам шунчалар мардоналик балан сўз юритади. Феъл-атворидаги жузъий ва улуғ айбу нуқсонларни яширмайди, изтироблари, руҳнинг ички, оғриқли зиддиятларини пинҳон тутмайди. Жумладан, Бобур Андижонни иккинчи марта қўлдан чиқаргани ҳақида ёзар экан, ўзининг хато ва камчиликларини қуйидаги жумлалар орқали рўй-рост айтади: "Мулкгирликда ва малакатдорликта агарчи баъзи ишлар зоҳирда маъқул ва муважжаҳ кўринур, вале ҳар ишнинг зимнида юз минг мулоҳаза вожиб ва лозимдур. Ушбу бир бемулоҳаза ҳукм қилғонимиздин не миқдор шўр ва фитналар қўпти. Ахир Андижондин иккинчи навбат чиқғонимизға сабаб ушбу бетаамул ҳукм қилғонимиз бўлди". Бу парчадан биз муаллифнинг ўз хатосидан сабоқ чиқарганини англаймиз. Бу каби сабоқ ва ибратлар фақат Бобур учунгина эмас, балки келажак авлод учун ҳам муҳим аҳамиятга молик.

Бобур адолатни барқарорлаштириш мақсадида баъзан қаттиқ чора- тадбирлар кўради. Жумладан, Бобур Сайдимали Дорбоннинг бир навкарини забт этилган юртда бировнинг бир кўза ёғини зўравонлик билан тортиб олгани учун калтаклатиб ўлдиртиради. Натижада "Эл бу сиёсаттин тамом босилдилар". "Бобурнома" муаллифи темурийларнинг айш-ишратга берилганини, ҳаётга енгил қарашларини, ҳатто ўзининг баъзи жойларда калладан миноралар ясаганини сўзлайди.

"Бобурнома"ни ёзишда холисликка қатъий амал қилган Бобур фаолиятига биз ҳам холис баҳо бермоғимиз лозим. У яшаган давр, вазият, ижтимоий муҳитни яхши англамоғимиз зарур. Бу жиҳатдан бобуршунос олим Уильям Эрскиннинг қуйидаги фикрлари аҳамиятлидир: "Бобурнома"да баъзан бешафқат қатл этиш манзаралари учраб туради. Лекин бунинг сабабини айрим бир шахснинг фаолиятидан эмас, балки ўша тарихий муҳитдан қидириш зарур".

Шу ўринда савол туғилади. Буюк тафаккур соҳиби, улкан салтанат эгаси бўлган Бобурнинг қаламини қандай куч мудом ростгўйлик, ҳақиқат сари ундади? Ахир замондошлар ва келажак авлод нигоҳида ўзининг тарихий мумтоз сиймосига соя солиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлардан кўз юмиш муаллиф учун унчалар қийин эмас эди-ку?! Бу саволларга биргина жавоб - бу ҳам бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг маърифати, фазилати, камолоти, тарбия ва маданиятининг юксаклигидир.

Бобур ўзининг барча асарларини, жумладан, "Бобурнома"ни ҳам шарқона анъанавий калом "Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ" номи билан бошлаб, ҳар бир сўзни муқаддас ва мўътабар тутади. Табиийки, Бобур ёшлик чоғларидан мунаввар муҳитда вояга етди, даврнинг мазкур удумига қатъий риоя қилди. Тўғрилик, ростгўйлик, одиллик унга улуғ аждодлари, биринчи навбатда, падари бузруквори Умаршайх Мирзодан мерос бўлиб ўтган эди. Отасининг "баланд ҳимматлиқ", "покиза эътиқодлиқ киши" эканлигини таъкидлаб, "Бисёр саховати бор эди. Хулқи дағи бор эрди, хушхулқ ва харроф ва ширинзабор киши эрди, шужоъ ва мардона киши эрди", дея ёзади. Бу жумлалардан маълум бўладики, Бобур табиатидаги кўп фазилатлар отамеросдир. Ҳатто адолатда ҳам Бобур падарига ҳавас қилади: "Адолати бу мартабада эдиким, Хитой карвони келадурганда Андижоннинг шарқий тарафидағи тоғларнинг тубида минг уй (қорамол)луқ карвонни андоқ қор босдиким, икки киши қутулди. Хабар топиб, муҳосиллар юбориб, карвоннинг жами жиҳотини забт қилди. Ҳарчандеким, вориси ҳозир йўқ эрди. бовужуди эҳтиёт сақлаб, бир-икки йилдин сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб, молларни солим топширди".

Бобур Мирзо ана шундай инсоннинг фарзанди эди. Ростгўйлик, ҳақиқат, адолат инсонни Яратганга яқинлаштиради. Шунинг учун бўлса керакки, Бобур бир неча бор Яратганннинг инояти, пиру устозлар мадади билан хасталиклардан, душман қутқусидан омон қолади. Унга мансуб барча фазилатлар замирида мустаҳкам иймон туйғуси мужассам. Яратган қудратига ишонч, унинг ҳукми ва адолатига бўйсуниш, Унинг қасосидан ҳайиқиш - буларнинг барчаси буюк жаҳонгирнинг ҳар бир сўзини тафтиш остига олиб, уни ҳаддан зиёд хунрезликлар қилишдан, шариат аҳкомлари ва даврнинг ахлоқий қоидаларини бузишдан сақлади.

Бобурнинг жаҳолатга маърифат билан жавоб бериш тамойилига қатъий амал қилгани ҳам "Бобурнома"да яққол намоён бўлади. Укалари Жаҳонгир Мирзо, Носир Мирзоларнинг хиёнати, амакиваччаси Мирзохон ва поччаси Муҳаммад Ҳусайн Мирзонинг маҳрамхонасига сўроқсиз киришидек номақбул ишларини кечирган мурувватли Бобур Хисравшоҳдек “харомнамак” кишини ҳам кечириб, уларни ҳамиша ҳамжиҳатликка, тотувликка даъват этиб келгани инсонийликнинг юксак намунаси сифатида ҳар қандай инсонни ҳайратга солади, китобхонни эзгуликка чорлайди.

Буларнинг барчаси Бобурнинг замондошлари ва келажак авлодга сабоғи, ибратидир.

Гулсанам ХОЛИҚУЛОВА,

СамДУ докторанти.