Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқила қайнона келинига зулм қилиб, ўғлининг бахтсизлигига сабабчи бўлмайди

Кейинги йилларда мамлакатимизда оилавий ажримлар кўпайиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Масалан, 2022 йилнинг январь-июль ойларида республика бўйича 28,5 мингта никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Вилоятлар кесимида оилавий ажримларнинг энг кўпи – 3 мингтадан зиёди Самарқандда рўй берган.

Таҳлиллар оилалар бузилишига асосан, оилавий келишмовчиликлар, моддий қийинчиликлар, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, бефарзандлик, эр ёки хотиннинг касаллиги, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик, ёшларнинг турмушга тайёр эмаслиги, мустақил меҳнат қилиб, рўзғор тебратишдан бехабарлиги, турмушда вужудга келадиган қийинчиликларга иродасизлик ва учинчи шахсларнинг аралашуви сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда.

Афсуски, учинчи шахс аралашуви нафақат куёвнинг ака-укалари, опа-сингиллари, қўшнилари, келиннинг овсинлари, балки қайнонаси тимсолида ҳам кўринмоқда. Маълумотларга қараганда, оилавий ажралишларнинг ярмидан кўпроғига айнан қайноналар сабабчи бўлаётган экан.

Бу хусусда камина қатор ҳаётий мисоллар келтиришим мумкин. Маҳалла раиси сифатида ҳафтасида бир неча марта оилавий жанжалу келишмовчиликларни ўрганиб чиқишга тўғри келади. Йиллар давомида ўғлига жуфти ҳалол қидириб, уйма-уй юрган, қанча одамлардан сўраб-суриштириш натижасида бир хонадоннинг қизини туширгандан сўнг кўп вақт ўтмасдан, у келин қайнонага “ёқмай” қолади. Бир тийинга арзимайдиган, жўяли бир сабабсиз қайнона-келин муносабатлари ёмонлашади ва бу охир-оқибат оиланинг бузилиб кетишига олиб келади.

Оила қуришдан асосий мақсад болали бўлиш, наслни давом эттириш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиб, уларнинг яхши инсонлар бўлиб улғайиши учун бор куч-ғайратни сарфлашдан, бахтли ҳаёт кечиришдан иборат эмасми? Агар шундай  бўлса, оилада энг асосийси эр ва хотин муносабатлари ва уларнинг рисоладагидек бўлишига эришишдан иборат. Бу йўлда эр ва хотинга уларнинг ота-оналари, яқинлари ёрдам бериши керак. Чунки тинч оилада соғлом муносабатлар ҳукмрон бўлади, болалар ҳар томонлама камол топиши учун шароит муҳайё бўлади.

Ажримлар катталарнинг ҳам, болаларнинг ҳам асаб тизимига салбий таъсир қилади. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда ўлим сабабларининг аксар қисми юрак, қон-томир касалликларига тўғри келмоқда. Бу хасталикларнинг асосий сабаби эса асаб тизими билан боғлиқ.

Шундай экан, катта умидлар билан, кўп ҳолларда жуда катта харажатлар эвазига тузилган оила бузилишига сабабчи бўлаётган қайноналарни қандай тушуниш мумкин? Нега келинига зулм қилувчи қайноналар бўлмағур урф-одатлар асирасига айланади-да, “одамлар нима дейди” деган фикрга маҳкам ёпишиб олиб, ўз фарзанди бахтини ўйламайди? Бундай қайноналар ортиқча ҳою-ҳавасга берилган бўлади.

Халқимизда “кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган гап бор. Самарқандда “пешиндан кейин бой бўлган” деган гапни эшитсангиз, ҳайрон бўлманг. Аввалари камтарона ҳаёт кечирган ва Оллоҳнинг инояти билан давлатманд бўлиб, бойликни кўтаролмаган, манманликка берилиб кетганлар пешиндан кейин бой бўлганлар дейилади.

Ана шундай оилада қайнона ўзини гўё қироличадек ҳис қилади, босар-тусарини билмай қолади. Натижада бечора келинга зулму зуқум ўтказади, унинг ҳеч бир иши қайнонага ёқмай қолади. Жанжал бўлади ва бечора ўғил икки ўт орасида қолади. Бир томонда онаси, иккинчи томонда севган ёри, болаларининг онаси. Нима қилсин? Ана шундай вақтда ўзидан кетган “қиролича” ўғлига “ё мени дейсан ёки шу хотинчангни” деб турса, у нима қилишини билмай қолади. Кўп ҳолларда оилада ўрни бўлмаган эр, яъни куёвнинг отаси, орага тушолмайди ва онанинг “акс ҳолда оқ қиламан” дегани масалани ўғил фойдасига ҳал қилади. Оила бузилади.

Бундай ҳолатда инсоний ва исломий нуқтаи назардан ўғил қандай йўл тутиш кераклиги хусусида оилавий муносабатлар ҳақида эълон қилинган қатор мақолаю чоп этилган рисолаларда батафсил сўз юритилган. Бу ерда фақат шуни уқтирмоқчи эдикки, албатта, онанинг ўғли учун қадри баланд, унинг фарзанди устида кўп ҳақлари мавжуд. Шу билан бирга, келиннинг ҳам эрида ўзига яраша ҳақлари бор. Уни бошқа оила остонасига қатнаб, ваъдалар бериб, тўй қилиб олиб келгандан сўнг унинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик керак-ку! Эр ҳам тарафкашлик қилмасдан, бир томонга қаттиқ ён босмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.

Кўп ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликни ечиш учун ёшларни мустақил яшашига имкон бериш, алоҳида ҳовлига чиқариш керак бўлади. Шу йўл билан биз маҳалламизда бир нечта оилани бузилишдан сақлаб қолдик. Аммо ҳамма қайнона ҳам ўғлининг олдидан чиқиб кетишига рози бўлавермайди. Шунда аҳвол жиддий тус олади ва агар ўғли онасининг “онаизор топилмайди, хотин эса қалашиб ётибди. Сенга ҳали онаси ўпмаган қизни олиб бераман” деган гапларига маҳлиё бўлиб, тақдирига тан берса, нафақат бу оиласини, балки бундан кейингиларини ҳам сақлаб қола олмайди. 

Биз мақолада фақат қайнонанинг ортиқча ҳою-ҳавасга берилиши оқибатида юзага келадиган ҳолат ҳақида сўз юритдик. Қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашувига таъсир қилувчи бошқа қатор омиллар мавжуд. Улар ҳақида алоҳида сўз юритиш ниятимиз бор.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласи раиси.