Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчига малака тоифасини бериш, уларни аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади

Жорий йилнинг 25 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор педагог ходимларнинг малакасини оширишда янги имкониятлар эшигини очди.

Қарорга мувофиқ, энди ўқитувчилар малакасини оширишда табақалашган дастурлар асосида ўқитиш тизими жорий этилади. Бунда ходимлар малака даражаси, билими, илмий-педагогик салоҳияти, психологик тайёргарлиги, иш тажрибасига қараб табақалашган ҳолда ўқитилади.

Хўш, ходимлар салоҳиятини оширишда бу тизим нима беради? Малака оширишда табақалиштиришнинг афзаллиги шундаки, иш тажрибаси ва малакаси юксак ходим билан эндигина соҳага кириб келаётган ходим бир дастурни тенгма-тенг ўзлаштиролмаслиги мумкин. Тажрибали ходим учун баъзи дарслар зерикарли туюлиши табиий. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, табақалашган таълим тизими халқ таълими муассасалари ҳар бир ходимининг малакасини оширишда фойда беради.

Шунингдек, анъанавий малака ошириш жараёнида касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган, масофавий турлари ҳам жорий этилади. Яъни, ҳар бир ходим учун амалиёт ва назарияни биргаликда олиб бориш, вақтини, таъбир жоиз бўлса, нақдини тежаш имкониятини яратади.

Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш, уларни аттестациядан ўтказиш масалалари йил давомида амалга оширилади.

Илгари халқ таълими муассасалари ходимлари 5 йилда бир маротаба малака оширган бўлса, энди улар қарорда белгиланган талабларга кўра, узлуксиз тарзда малакасини ошириб боради. Қолаверса, “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси орқали ходимларнинг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси тузилади. Ўқитувчиларнинг электрон портфолияси шакллантирилиб, уларга касбий ривожланиш траекторияси, натижалари ва ўзлаштирган ўқув дастурлари тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.

Аъламжон Ибрагимов,

Самарқанд вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг  малакасини ошириш ҳудудий маркази директори.