Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчилар учун SТЕAМ лаборатория ўз фаолиятини бошлади 

Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида STEAM лаборатория очилди. 83 миллион сўм сарфланган ушбу лаборатория замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. 

Малака оширишга келган ўқитувчилар STEAM лабораторияда ўқувчиларга инновацион дарс ўтиш тажрибасини оширади.

Хўш, ўзи STEAM лаборатория нима дегани?  

SТЕАМ атамаси AҚШда илк бор мактаб дастурига киритилган бўлиб, ўқувчиларнинг илмий-техника йўналишларида компетенсияларини ривожлантиришга қаратилган. SТЕАМ - таълими боланинг ривожланишини ташқи олам билан бевосита боғлайди. Маълумки, табиий фанлар атрофимиздаги олам билан бевосита боғлиқ, технология кундалик ҳаётимизда доимий қўлланилади, муҳандислик эса уйлар, йўллар, кўприклар ва машина механизмларда ўз аксини топган, бирор бир касб, кундалик машғулотларимиз озми-кўпми математика билан боғлангандир.

Шунга кўра, дунёнинг кўпгина мамлакатларида бундай ёндашувга катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, Европанинг 10 дан ортиқ мамлакатлари (Aвстрия, Германия, Франция, Италия, Нидерландия, Норвегия, Буюк британия, Италия, Ирландия, Испания ва бошқалар) миллий стратегия ва ташаббусларида бу ҳисобга олинган.

Турли хил баҳолашларга кўра, ҳозирги кунда талабгор энг кўп бўлган 10 мутахассисдан 9 тасида айнан SТЕАМ билимлари зарур бўлади. Бундай касбларга: муҳандис-кимёгар, нефть бўйича муҳандислар, компьютер тизимлари аналитиклари, муҳандис-механиклар, муҳандис-қурувчилар, робототехниклар, ядро медицинаси киради.

SТЕАМ дастурлари 7-14 ёшдаги ўқувчиларнинг муттасил равишда ўтказиладиган машғулотларга қизиқишларини орттиради. Масалан, физика дарсларида ернинг тортиш кучи ўрганилганда, доскада формулаларни ёзиб тушунтирилса, SТЕАМ тўгаракларида ракеталар, самолётлар, парашютлар қуриб, ишга тушириб ўз билимларини мустаҳкамлайдилар.

Ўқувчилар ўзлари кўрмаган ёки эшитмаган атамаларни ҳар доим ҳам тез англаб етмайди. Масалан, температура ортиши билан босимнинг ёки ҳажмнинг ортиши. SТЕАМ машғулотларида улар қизиқарли экспериментлар ўтказганларида бу атамаларни осонгина тушуниб олишлари мумкин.

Марказда очилган лаборатория ҳали ушбу йўналишдаги ишларнинг дебочасидир. Келажакда SТЕАМ лаборатория янада кенгайтирилиши режалаштирилган.

Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ахборот хизмати.