Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқсоқол талаба бўлди

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг тавсияномаси асосида Самарқанд вилоятидаги 41 нафар ўрта ва ўрта махсус маълумотли маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари давлат гранти асосида сиртқи таълим шакли бўйича олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раиси қоида тариқасида олий маълумотли бўлиши керак, – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Жабборов. – Жорий йилда ўтказилган сайловда аҳолининг хоҳиш-истагига кўра, маҳалла ишини тўғри тушунадиган, одамлар билан ишлаш олиш кўникмаси ва тажрибасига эга 57 нафар юртдошимиз, гарчи олий маълумотли бўлмаса-да маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Вазиримизнинг тавсияномаси асосида улар босқичма-босқич давлат гранти асосида олий ўқув юртларида таҳсил олишади.

Жорий ўқув йилида Пахтачи туманидан 1 нафар, Нуробод, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон туманларидан 2 нафардан, Нарпай, Пайариқ, Қўшработ ва Самарқанд туманларидан 3 нафар, Пастдарғом тумани ва Самарқанд шаҳридан 5 нафар, Ургут туманидан 8 нафар маҳалла ходимлари Гулистон давлат университетининг ижтимоий иш факультети фуқароларнинг ўзи-ўзини бошқариш органлари йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, улар орасида маҳалла ва нуронийликларни қўллаб-қувватлаш туман бўлимларида фаолият кўрсатаётган 2 нафар етакчи мутахассис ҳам бор.