Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқувчини психологик хусусиятларига мос келадиган касб-ҳунарга йўналтириш керак

Инсон руҳиятини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор бериш масаласи барча даврларда ҳам ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг етакчи вазифаларидан бири бўлиб келган.

Бугун барча тараққий этган мамлакатлар биринчи навбатда, ўз фуқароларининг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва руҳий баркамоллигига, ундан ижтимоий манфаатлар учун самарали фойдаланиш йўлларини излашга эътибор қаратаётганини кўришимиз мумкин.

Мисол учун, ота-оналар фарзандларининг илк қадамлариданоқ унинг келажаги тўғрисида ўйлайди. Фарзандларининг қизиқиши ва қобилиятини кузатиш орқали уларнинг келажакда қандай касб эгаси бўлишини аниқлашга ҳаракат қилади. Шундай экан, мактаб жамоаси ва ота-оналар ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришда турли ёш даврларига оид психофизиологик билимларга эга бўлишлари учун мактаб амалиётчи психологлари психологик маърифат ишларини талаб даражасида олиб боришлари ҳамда ёш даврларига хос амалий билимларга таянган ҳолда фаолиятини ташкил этишлари керак.

Жумладан, бошланғич синф ўқувчиларини эрта ёшдан касб-ҳунарга йўналтириш умумтаълим мактабларида таълим-тарбия ишлари билан биргаликда олиб бориладиган узлуксиз жараёнлардан бири саналади. Бошланғич синфларда касбга йўналтириш ишлари дарс ва дарсдан ташқари соатларда ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда касб турлари билан таништириш ҳамда ўйинлар орқали уларда турли касбларга бўлган илк қизиқишларини аниқлашдан иборат.

Шунинг учун 1-синфда касбга йўналтириш машғулотлари ўйин тарзида ташкил этилиши лозим. 6-7 ёшга келиб бола бирор-бир буюмни қисмларга бўлиб, уларни яна қайта йиға оладиган бўлади. Aммо бу қобилиятнинг ривожланиши боладаги бадиий, ижодий фаолиятнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Шуни инобатга олган ҳолда машғулотларни болаларнинг қизиқишларига қараб режалаштириш керак. Болаларга эртакларни тинглаш ва муҳокама қилиш, унга ўз фикрини билдириши, ребус, турли бошқотирмаларни ечиш билан, уларнинг ақлий-интеллектуал қобилиятини ривожлантириш орқали касбга бўлган илк қизиқиши ривожлантириб борилади.

12-13 ёшга келиб эса ўқувчиларни кўплаб машҳур инсонлар – олимлар, ёзувчилар, бастакорлар, рассомларнинг илм-фанга, адабиёт, мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишларини шакллантириб бориш мумкин.

15-16 ёшларда ўқувчиларни касбий маълумотлар, касбларнинг инсонларга қўядиган талаблари, меҳнат жараёнларининг хусусиятлари, мазкур касбларни эгаллаш борасида ўқувчилар ўртасида ҳар хил сўровномалар, суҳбатлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Уларни ўзига ёққан касбга қатъий қизиқиш ҳосил қилиши учун зарур маълумотлар билан таништириш, тўғри маслаҳатлар бериб, ўзининг индивидуал-психологик хусусиятларига мос келадиган касб-ҳунарга йўналтириш фойда беради. Мазкур ишларнинг дастлабки босқичи албатта, умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган психологлар, касбга йўналтирувчилар, фан ўқитувчилари, синф раҳбарлари томонидан олиб борилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, касб-ҳунарга тайёрлаш ўқувчиларни баркамол шахс сифатида тарбиялаш, ижодкорлик қобилиятлари, кўникма ва шахсий сифатларининг шаклланишида муҳим босқич бўлиб, ўқув фанлари ва дарсдан ташқари машғулотларга ижодий ёндашиш, таълим жараёни ҳамда касбий тарбияни муаммоли таълим асосида умумлаштиришга асос бўлади.

Гулруҳ БОБОЕВА,

Нарпай туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби амалиётчи психологи.