Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга 170 миллион доллар кредит ажратади

Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга темир йўл соҳасини ривожлантириш учун 170 миллион доллар кредит ажратади.

Бу кредитга 24 та электр ёрдамида ҳаракатланадиган ультразамонавий локомотивлар сотиб олинади. Бу Ўзбекистон темир йўллари АЖнинг йўловчи ва юк ташиш самарасини яхшилаш имконини беради.

Транспорт ва алоқа ҳар қандай мамлакатнинг ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистоннинг дунё океанига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган ҳудудда жойлашгани, бу мамлакатда темир йўл хизматини янада такомиллаштиришни тақазо этади. Шуларни инобатга олиб бу мамлакатдаги темир йўл хизматини модернизацияси учун кредит ажратишга қарор қилдик" дейди, ОТБ нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Санди Малвичини хоним.

Темир йўллар Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам, мамлакат ривожида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистондаги темир йўлларнинг узунлиги, жами 4,669 км.ни ташкил этади. Шундан 50 фоиз, 2350 км. темир йўл электрлаштирилган. Мамлакатда ташиладиган юкларнинг 40 фоизи темир йўлларда ташилади.

 "Темир йўллар юк ташиш транспортлари орасида энг хавфсиз ва экологик тарафдан тоза транспорт тури ҳисобланади. Ўзбекистонда темир йўлларнинг жадаллик билан электрлаштирилиши мамлакатнинг Марказий Осиёда темир йўлларда юк ташиш салоҳиятини янада оширади", дейди ОТБнинг транспорт масалалари бўйича мутахасиси Ко Сакомото.

ОТБ ажратган кредитга умумий ҳисобда 24 электровоз сотиб олинади. Уларнинг 16 таси юк поездлари учун олинса, 8 таси эса йўловчи ташийдиган поездлар учун олинади.

Ушбу локомотивлар олиниши натижасида йилига атмосферага 900.000 тонна ис гази чиқарилишининг олди олинади.

Шунингдек, юкларни ва йўловчиларни янада қисқа муддатларда манзилга етказиб қўйиш имконияти бўлади.