Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўтган йили Ўзбекистонда 80 нафарга яқин инсон ёнғин қурбони бўлди

Сенат йиғилишида маълум қилинишича, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси содир бўлиб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари ҳалок бўлган, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шундан фақатгина 2023 йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда 797 та ёнғин содир бўлган. Бугунги кунда айрим фуқароларимиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги, аксарият ҳолларда ушбу қоидаларга эътиборсизлик билан қараши ва масъулиятсизлик билан ёки юзаки ёндашиши, шунингдек, амалдаги қонунчиликда қонунбузилиш ҳолатлари учун енгил маъмурий жазо чоралари белгиланганлиги йирик ёнғинлар содир бўлишининг асосий сабабларидан бўлмоқда.

Ҳудудларда рўй берган йирик ёнғинлар сабабларини ўрганиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси қайд этишича, давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари етарли эмаслиги сабабли улар томонидан ёнғиннинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмасдан қолаётганлиги қайд этилган.

Шу боис Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан муҳокама қилинаётган қонун ишлаб чиқилди ва парламентга киритилди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ёнғин чиқишига олиб келганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгилашни, шахсларнинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда бундай шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун юзасидан жамоатчилик вакиллари, мутахассислар, экспертлар, прокуратура органлари ходимлари муҳокамада фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.