Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўттиз йиллик тажриба: Эркак кишининг турмушидан келиб чиқиб айтган монологи

– Елкан, шамол бўлмаса, катта денгизда ҳаракатсиз тўхтаб қолади. Машина бензини бўлмаса, юрмайди. Худди шундай аёл кишисиз ҳам ҳаёт йўқ. Аммо энг кучли аёлларнинг ҳам кучлари ва сабрлари тугайди.

Оиладаги тинчлик-тотувлик эркак кишининг айтган ҳар қандай одиллик ҳақидаги гапидан афзал. Турмушда ўттиз йил яшаб шуни англадимки, аёл киши бутунлай бошқа олам экан.

Мени алдашди. Мени мактабимда, мен таҳсил олган коллежимда, олийгоҳимда, мен ишлаган ишхоналаримда алдашди. Телевизорда, ўқиган китобларимда – ҳамма жойда алдашди. Ҳатто қариндошларим, ота-боболарим ҳам ёлғон айтишибди. Мен сохта тушунчада, эмансипация ва матриархат даврида улғая бошладим. Менга ёлғон гапиришди ва мен алданиб қолдим, ишондимки – аёл ва эркаклар бир хил инсонлар деб. Улар биз каби жинси шим ва кроссовкалар кийиб юра оладилар. Аёллар биз эркаклар каби директор, бошлиқ бўлиб ишлай оладилар, машина ҳайдайдилар. Фақат физиолиогия жиҳатидан бироз бошқачароқ, бўйи пастроқ, ташқи кўриниши эса гўзалроқдир.

Мен яхшилаб яширилган сир-синоатни билиб қолдим. Аёллар биз эркакларга буткул тушунарсиз бўлган ғалати принципларга асосланиб иш кўрадилар. Бироқ буни тушунишга ҳаракат ҳам қилиш шарт эмас. Балки ўз оилавий ҳаётида синаб кўриш яхшироқдир.

Аёллар уларга бўлган эътиборга асосан иш кўрадилар. Уларнинг батареялари турмуш ўртоқларининг ғамхўрликларидан, ёқимли сўзларидан, жигар-бағирдан чиқадиган самимийлик ила сўзсиз бағрига босишидан қувват олар экан.

Шу нарсани кашф этдимки, агар аёл киши чарчамас генератор бўлишини хоҳласак, у ҳолда биз эркаклар аҳли аёлимизга “Сен менинг ягонамсан, сен дунёдаги энг яхши онасан, сенинг менинг аҳли аёлим эканингдан Аллоҳга шукр айтаман. Сен тенги йўқ пазандасан, сен менинг назокатли, мулойим меҳрибонимсан!” каби сўзларни гапириб туришимиз керак. Қуриб-қақшаб кетган ерга ёмғир ёғиб, сувга тўйинтирганидек, ана шу юқоридаги сўзлар ҳаёт қийинчиликларидан тинкаси қуриб, ҳолдан тойган аёлга янги қувват, ёрқин ҳаёт бахш этади.

Мен оилавий ҳаётда адолат бўлмаслигига анчагача тушуна олмасдим. Эркак киши қонга қон, жонга жон принципи бўйича яшайди. Агар ўз ҳаётидан чарчаган аёл турмуш ўртоғини койиб, гап билан жонидан тўйдирса, гина-кудурат билан азобласа, ўзининг ҳиссиётидан келиб чиқиб, заҳрини сочса, демак, бу унинг томонидан ҳамла қилиш дегани эмас. Бу ҳаракатлари учун қонга қон, жонга жон принципини қўллаш керак, дегани ҳам эмас. Шунчаки аёл кишининг бу ҳаракатларидан шуни англаш керакки, аёлнинг “ёнилғиси” тугади, холос. Аёл киши демоқчики: “Менинг ҳалоскорим, мени қутқаринг, сизнинг мулойим гап-сўзларингизсиз, қўллаб-қувватлашингизсиз менинг яшашга мадорим, кучим қолмади. Мен сўлиб бормоқдаман ва ўзим хоҳламаган ҳолда ёқимсиз кимсага айланиб боряпман. Менга бор-йўғи қўл ушлашиб, ярим соат айланиб келиш етарли. Бор-йўғи бир неча дақиқангизни аямасангиз бас. Менинг хавотирларимга қулоқ солсангиз, кун бўйи кўрган-кечирганларимни гапимни бўлмай, баҳслашмай эшитсангиз бўлди”.

Ҳақиқат йўқ… Ишдан ҳориб-чарчаб, кучсиз ва мадорсиз уйингга пул олиб келсанг-да, диванингга зўрға қулаганингда яна жанжал эшитсанг! Албатта, ҳаққоний равишда жавоб қайтаргинг келади. Ҳеч бўлмаса, мағрур ёлғизликда қолгинг келади. Мен ана шундай қилардим ва, албатта, бу менинг хатоим эди. Жанжал бошланяптими, демак, аҳли аёлингга юзинчи маротаба “Сенинг кўзларинг гўзал…” дея бағрингга босиш вақти келди. Фақат бу самимийлик билан бажарилиши шарт, енгил-елпи, номига қилинган ҳаракат бўлмаслиги керак. Шунчаки ундан қутулиш учун гапирган носамимий гапинг аёлингнинг ҳаракатларида катта “тўфон”ни уйғотади. Бунинг аёллар тилидан қилинган таржимаси шуки: “Ишонмайман! Яна бир бор қайтаринг, мени бунга ишонтиринг”. Демак, тўппа-тўғри бу оловга кириб, оилангни бу жанжаллардан, ўз суюклигингни меҳринг билан қутқаришинг керак.

Ҳақиқат йўқ… Бундай ҳаётнинг фақат икки томони бор, холос. Бири тушунарсиз хатти-ҳаракатлар, аммо айнан шу ҳаракатлар оилангни уйғунликка, ҳамоҳангликка олиб келади. Тушунарсиз томони эркаклар учун, бироқ аёллар учун ўта оддий ва тушунарли. Бундай ишда таржимон йўқ. Кўпчилик ўз аёлида ўзи каби эркакни кўради. Фақат физиологик жиҳатдан фарқ бор ҳисоблайди. Кўп эркаклар эса аёлларни оналар каби кучли, матонатли деб қабул қиладилар, зинҳор аёллар ҳақида “заифа бўлган қизалоқ” деган тушунчада эмаслар.

Ҳатто ўта кучли, матонатли аёлларда ҳам куч тугайди. Сўлиб бораётган гул каби ширин сўзинг бўлмиш “сувга”, эътиборингга, мақтовингга зор.

Мен ўттиз йил мобайнида “оила” деб аталмиш асирликда яшадим. Бу асирликда етти нафар фарзандим дунёга келди. Бу йиллар ичида мен эркакларга тушунарсиз бўлган янги бир тилни ўрганиб чиқдим. Бу тилда эркаклар билан бирга параллел оламда яшаётган аёллар цивилизацияси гаплашадилар. Мен уларнинг урф-одатларини ва феъл-атворларини ўргандим.

Елкан, шамол бўлмаса, катта денгизда ҳаракатсиз тўхтаб қолади… Фақат эркакларнинг ширин гаплари амаллари билан бир хил бўлиши керак. Шундагина бу гапларнинг кучи пайдо бўлади…

Мадина Джураева таржимаси

muslimaat.uzдан олинди.