Ўзбек тилшунослигига муносиб ҳисса қўшган олим
Яқинда Самарқанд давлат университетида тилшунос олим, профессор Бозорбой Ўринбоев хотирасига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтади.
Самарқанд шундай қутлуғ заминки, унда камолга етган улуғ зотлар нафақат юртимиз, балки жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган олимлардир. Самарқанд тилшунослик мактабининг йирик намояндаларидан бири Бозорбой Ўринбоев ана шундай олимлардан эди.
Умр йўли тинимсиз меҳнат, илм машаққати билан йўғрилган олим 1936 йилнинг июнь ойида Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган. Оиладаги тарбия ва мактабда ўқиш жараёнида уйғонган илмга иштиёқ уни 1950 йилда Самарқанддаги эрлар педагогика билим юртига етаклади. Сўнгра Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган олим, эгаллаган билимларини Жомбой тумани умумтаълим мактабларида ёшларга ўргатди. Мактабда ўқитувчи ва раҳбар лавозимларида ишлаш жараёнида ҳам ўз устида ишлади, касбий маҳоратини оширди. Бўлғуси олим СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси қошидаги аспирантурада таҳсил олди. Қисқа вақтда ўзбек сўзлашув нутқи бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Илмда дастлабки довондан ошган ёш олим 1965 йилдан Қарши давлат педагогика институтида ишлай бошлади. Орадан икки йил ўтиб, янгидан ташкил этилган Самарқанд давлат педагогика институтида фаолиятини давом эттирди. Институтда оддий ўқитувчиликдан кафедра мудири, факультет декани, институт проректори, ректори каби вазифаларда ишлади. 1974 йилда янги ташкил этилган Жиззах давлат педагогика институти ректорлигига тайинланди. Б.Ўринбоев институт фаолиятини йўлга қўйиш, таълим муассасалари учун пухта билим олган педагоглар тайёрлаш борасида тинимсиз ишлади, бу ишга лаёқати етадиган жамоани шакллантирди.
Олимнинг илмий-педагогик фаолияти у Самарқанд давлат университети профессори, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти кафедра мудири бўлиб ишлаган йилларида яна ҳам яққол намоён бўлди. Бу даврда у ўнлаб китоблар ёзди, илмий тадқиқотчиларга раҳбарлик қилди. Шунингдек, Б.Ўринбоев Самарқанд давлат университети матншунослик маркази бошлиғи, илмий кутубхона бош директори вазифаларида ҳам самарали фаолият кўрсатди.
Б.Ўринбоевнинг “Ўзбек сўзлашув нутқи стилистикаси”, “Навоий асарларида тасвирий воситалар”, “Ғафур Ғулом асарларида афоризмлар”, “Нутқ ва нотиқ”, “Нутқ маданияти ва уни шакллантиришда мактабнинг роли”, “Нотиқлик маҳорати”, “Нутқ маданияти кўникмасини шакллантириш омиллари”, “Ўзбек нутқи маданияти асослари” каби монография ва қўлланмалари чоп этилган.
Бугунги кунда республикамиз олий таълим даргоҳларида тил тарихини ўқитишда Б.Ўринбоев ва У.Турсунов ҳамкорлигияда яратилган “Ўзбек адабий тили тарихи” дарслигидан фойдаланиб келинмоқда.
Профессор Бозорбой Ўринбоев серқирра олим сифатида ўзбек тилшунослигининг деярли барча соҳаларида тадқиқотлар олиб борди. Олим бугун орамизда бўлмаса-да, у яратган дарслик ва қўлланмалар, монографиялар ва юзлаб мақолалар талабалар, илмий тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда.
Баҳора Юнусова,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.