Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон дунё ёшлари ҳуқуқи мустаҳкамланишининг ташаббускори

Ўзбекистон 2020 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг аъзоларидан бирига айланган эди. Бугун дунёнинг 47 давлати ушбу Кенгашнинг аъзосига айланган. Айниқса, Ўзбекистоннинг жаҳон ёшларининг ҳуқуқ-манфаатларини кўзлаб илгари сураётган янги ташаббуслари алоҳида аҳамиятга молик.

22 февраль куни Шавкат Мирзиёев биринчи марта видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлаб, аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимизда эканлигини яна бир бор таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан қуйидаги янги масалаларни кўриб чиқишни таклиф этди:

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;

- БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;

- Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу ташаббуслар 2021 йил - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ҳам халқимиз, айниқса, эртанги кунимиз эгаси бўлган ёш авлоднинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган, ортга қайтмайдиган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини назарда тутади.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва кенг имкониятлар яратиб бериш масалалари бу йил янада юқори босқичга олиб чиқилиб, ёшларга оид давлат сиёсати янги ва замонавий тамойилларга таянган ҳолда давом эттирилади.

Бугун интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг ҳал қилувчи кучига айланмоқда. Ўзбекистон ёшлари мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда.

Таълим тизимини такомиллаштириш, уни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўқувчи ва талабаларда замонавий билим ва кўникмаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш” тўғрисидаги ташуббуси сўнгги йилларда мамлакатда ёшлар таълимига берилаётган алоҳида эътибор туфайли таълимнинг барча босқичларида катта ислоҳотлар амалга оширилаётганидан далолат беради.

Давлатимизнинг халқаро ҳуқуқ ижодкорлиги йўлидаги саъй-ҳаракати халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббусларнинг ижодкорига айланиб бораётганидан далолат беради.

Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.