Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон фуқароларининг хорижда ишга жойлашиш ҳуқуқи “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курсида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўқув курси ходимлари, тингловчилар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, молиявий ва моддий қўллаб-қувватлаш воситаларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимиз фуқароларининг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги хусусий агентликлар томонидан амалга оширилмоқда.

- Фуқароларнинг хорижда меҳнат фаолиятини юритиши бўйича ўз ҳуқуқларини амалга оширишга ёрдам кўрсатиш мақсадида шу йилнинг август ойида қабул қилинган иккита муҳим ҳужжатга эътибор қаратиш зарур, - дейди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Самарқанд филиали директори ўринбосари Н.Баҳромов. - Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори моҳиятига кўра, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари билан қамраб олиш кўлами кенгайди. Фуқароларимизни хорижда ва Ватанимизда уюшган тарзда ишга ёллаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини амалга ошириш ва ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ва назорат қилиш йўллари белгиланди.

Қабул қилинган ҳужжатлар моҳиятан фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши, шунингдек, Ватанга қайтганларидан сўнг жамиятга қўшилишини таъминлаш, меҳнат мигрантларининг оилаларига ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал қилиш, яшаш шароитларини яхшилаш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республикамиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни амалга оширишда рағбат бўлмоқда.

Илк бор хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишни мўлжаллаётган меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмоқда. Уларга кредитлар, микроқарзлар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш учун субсидиялар берилмоқда.

Давлат бошқаруви органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ҳамда уюшган миграция, мигрантларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, уларга моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, турдош масалаларни ҳал қилиш бўйича бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Республика комиссияси ташкил қилинди.

Айни пайтда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг барча жиҳатларини комплекс тарзда тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати, шунингдек, республика халқаро шартномаларида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти соҳасидаги меъёрлар мавжуд эмас. Бугунги кунда фуқароларимизнинг хорижда ишга жойлашиш ҳуқуқи “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.

Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатлардан келиб чиқадиган вазифалар ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, ушбу меъёрларнинг ташқи меҳнат миграциясини белгиловчи ягона қонунда тизимлаштиришга ёрдам беради.

Давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

Ёқуб ГАДОЕВ.