Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси кубоги иккинчи босқичи Самарқандда старт олади

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида, шунингдек бошқа корхона ва ташкилотларда хизматчилар, ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спорт соғломлаштириш ишларини ривожлантириш мақсадида спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган.

ДХХ тизимида ҳам бу борада эътирофга лойиқ ишлар амалга ошириб келинмоқда. Соҳа ходимлари ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этиш анъанага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати раисининг кубоги учун соҳа ходимлари учун спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, сузиш, енгил атлетика, стол тенниси, мерганлик ва шахмат турлари бўйича мусобақа ўтказилмоқда. Шу пайтгача жойларда мусобақанинг биринчи - вилоят босқичи бўлиб ўтди.  

ДХХ ходимлари ўртасида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, спортни оммалаштириш ҳамда иқтидорли хизматчиларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақанинг баскетбол, сузиш ҳамда енгил атлетика бўйича иккинчи - ҳудудий босқичи жорий йилнинг 6, 7 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Футбол, стол тенниси ҳамда шахмат беллашувларига Жиззах вилояти мезбонлик қилса, Сирдарё вилоятида волейбол ва ўқ отиш бўйича мусобақалар бўлади.

Мазкур босқичда фаол иштирок этган ходимлар рағбатлантирилиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Ғолиблар эса мусобақанинг якуний – мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.