Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон ва Эрон ўртасида мунтазам парвозлар бошланди

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 9 декабрь куни Эроннинг “Zagros Airlines” авиакомпанияси “Теҳрон-Тошкент-Теҳрон” йўналишида мунтазам парвозларни амалга оширишни бошлайди.

Дастлабки босқичда Эрон авиакомпанияси мазкур йўналишда парвозларни ҳафтасига бир марта бажаради. Кейинчалик эса парвозлар частотаси ҳафтасига икки мартага етказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, 2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Эрон Ислом Республикаси авиация маъмуриятининг “Zagros Airlines” авиакомпаниясини мунтазам парвозларни бажарувчи авиакорхона сифатида тайинлаш тўғрисидаги хабарномасига, шунингдек, 2001 йил 17 августдаги Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битим доирасида тақдим этилган зарур ҳужжатларга мувофиқ “Теҳрон-Тошкент-Теҳрон” йўналишида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун Эрон авиакомпаниясига эксплуатация рухсатномаси берилган.

Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида мунтазам парвозларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беради.