Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда "ҳиндча" штамм аниқландими? Бу ҳақдаги хабарга изоҳ берилди

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда илк бор коронавируснинг “ҳиндча” штамми аниқлангани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Бу эса жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков маълумот берди:

— Дарҳақиқат, бугун юртимиз оммавий ахборот воситалари ва интернет сайтларида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан берилган маълумот, яъни вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида коронавируснинг “ҳиндча” штамми аниқлангани тўғрисида хабарлар берилди.

Аслида юртимиз аҳолиси Ўзбекистон ҳудудига коронавируснинг янги штамми кириб келадиган бўлса, бунга жиддий эътибор беришга одатланиб қолди. Эсласак, бундан аввал мамлакатимизда “COVID-19”нинг “британча” штамми илк бор аниқланганда ҳам айнан мана шундай муносабатлар, шу каби шов-шувларнинг гувоҳи бўлганмиз. Аслида бутун Ер юзидаги мураккаб пандемия шароитида бу нарсани тўғри ва нормал ҳолат сифатида қабул қилиш лозим.

Дунё миқёсида коронавирусни илмий изланишлар мақсадида доимий кузатиб бораётган илғор лабораториялар мутахассислари берган маълумотларга кўра, бугунги кунда “COVID-19” касаллигининг 5000 та, айрим соҳа вакилларининг фикрича эса 7000 дан кўпроқ мутацияга учраган штаммлари пайдо бўлган. Мутацияга учраган штаммлар фақат касалликнинг тарқалиш тезлиги, уни юқтириб олган одамларда енгил ёки оғир ўтиши, ёш тоифасида фарқ бўлиши мумкин.

Айтиш мумкинки, аслида коронавируснинг мутацияга учраган ва учрамаган ҳамма шатммларининг энг асосий микроорганизми “COVID-19” штамми бўлганлиги ва ушбу штамм билан чақирилган касалликнинг клиник белгилари, лаборатория ташхиси, профилактикаси, олдини олиш чоралари, вакциналардан фойдаланиб, ҳимояланиш даражаси бир хил бўлгани учун уларни чуқур этиологик омилини аниқлаш ва қандай вирус эканлигини охиригача текшириб боришга эҳтиёж йўқ.

Илғор технологиялар марказида коронавируснинг “ҳиндча” штамми аниқлангани тўғрисидаги хабарга келсак, дастлабки лаборатор текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқламоқда.

Аммо тўғри хулосага келиш учун якуний таҳлилларни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак бўлади.