Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистоннинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ЮНЕСКО томонидан юқори баҳоланди

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси давом этмоқда. Лойиҳа доирасида мамлакат ҳудудида турли вақтларда яратилган ноёб қўлёзмаларни кенг жамоатчилик ва тадқиқотчилар мулкига айлантириш кўзда тутилган. Қадимги қўлёзмаларнинг юқори сифатли факсимиль (қўлёзма, ҳужжатни айнан такрорлаш) нусхалари китоб-альбом шаклида нашр этилади.

Бутун дунёдан 350 га яқин олим иштирокида Хива шаҳрида ўтказилаётган “Марказий Осиё жаҳон цивилизацияси чорраҳасида” халқаро маданий форумда лойиҳанинг сўнгги нашри - Х аср астроном ва математиги Абдурраҳмон ас-Суфийнинг “Кўчмас юлдузлар китоби” тақдим этилди. Бу асар Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган қўлёзма нусхаси темурийлар давлат ҳукмдори, буюк астроном ва математик Улуғбек буйруғи билан ишланган. Асарда Улуғбек шахсан ёзган битиклар мавжуд.
Қадимий қўлёзма Марказий Осиё санъатининг ҳақиқий дурдонасидир. Шу давргача етиб келган иллюстрацияли энг қадимги астрономик китоблардан бири бўлган китобда буржлар тасвирланган 74 та ажойиб миниатюра мавжуд. Султоннинг ўзи - Мирзо Улуғбек Цефея юздуз туркуми сифатида тасвирланган.

Китоб бадиий адабиётдан ташқари катта илмий аҳамиятга эга. У қадимги юнон астрономияси тамойилларига асосланган бўлиб, 48 юлдуз туркумини ёки турғун юлдузларни тасвирлайди. Шу билан қўлёзма ўрта аср араб астрономик билим ва назариялар ёритилган биринчи рисола.

Абдурраҳмон ас-Суфий (903-986) дан олдин барча астрономик билимлар александриялик олим Клавдий Птолемей (100-160)нинг “Альмагест” асарига асосланган эди. Ас-Суфий биринчилардан бўлиб Птолемей асарини қайта кўриб чиқди ва астрономиянинг кейинги ривожланишига катта ҳисса қўшган ҳолда такомиллаштирди.

Исфахонда ишлаган олим, юлдуз ва юлдуз туркумларининг юнонча ва арабча номлари ўртасида аниқ мослик ўрнатди. У биринчи бўлиб Андромеда галактикасини тасвирлаб берди ва биринчилардан бўлиб Катта Магеллан булути ҳақида айтди. Ундан олдин астрономлар фақат битта галактика - Сомон йўлини билишган.
Қўлёзмадаги буржларнинг батафсил тавсифи ва тасвири Ас-Суфийни нафақат ислом, балки насроний оламига ҳам энг муҳим юлдузли осмон бошқарувчиси - астроном олим қилди.

Астрономия - Ўзбекистон маданий меросининг бир қисмидир

Абдурраҳмон ас-Суфийнинг ўзи яратган асл қўлёзма бизгача етиб келмаган. Биз астрономнинг иши билан фақат кейинги асрларда ёзилган қўлёзма орқали танишмиз.
Ўзбекистон қадимий қўлёзмаларнинг факсимиль нусхаларини яратиш орқали замонавий технологиялар ёрдамида уларнинг умрини узайтиришга интилмоқда.

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида бошқа ўнлаб қўлёзмалар аллақачон нашр этилди. Архив ва кутубхоналарда сақланаётган ёзувли дурдоналарни қайта нашр этиш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ЮНЕСКО томонидан юқори баҳоланди. Халқаро ташкилот бош котиби ўринбосари Ренато Рамирес Ўзбекистонни бошқа давлатларга ўрнак деб атади. Унинг сўзларига кўра, “тадқиқот - бу нафақат академик билимлар, балки фарзанд ва янги авлодга билим ва тафаккурни етказиш усулидир”.

Г.Холдорова тайёрлади.