Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзингизга тегишли бўлган ерни хусусийлаштирмоқчимисиз?

Ўзбекистонда ер хусусий мулкка айланмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлди. Бу борада тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди.

Бугунги кунгача ер участкаларини тадбиркорлик фаолияти учун бериш, яъни аукцион орқали сотиш амалиёти мавжуд эди. Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги 71-сонли қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш борасида учта тартиб ишлаб чиқилди:

  1. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби;
  2. Тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини аукционга қўйиш;
  3. Якка тартибдаги уй-жойларнинг ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида сотиб олиш.

Фуқароларимизда якка тартибдаги уй-жой, юридик шахсларда эса нотурар бино-иншоотлар мавжуд. Улар ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг ер участкасини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали хусусийлаштириб олиши мумкин бўлади (агар бино-иншоот кадастрдан ўтмаган бўлса, ерни хусусийлаштириш мумкин эмас).

Фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди. Яъни, бино ўзингизга тегишли бўлса ҳам, унинг ери сизга тегишли эмас эди.

Мана шу ер участкаларини хусусийлаштириш учун энди жисмоний ва юридик шахслар Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)га ёки Ягона давлат интерактив портали (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин. Ариза Кадастр агентлиги ва қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Кадастр бўлимлари ўз навбатида ушбу ер участкаси ариза берган фуқаронинг номига расмийлаштирилганми ёки йўқми, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади. Ўша ер участкаси ўзгармагани, ер участкаси бугунги кунда ҳам реестрда мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга тўлиқ мос келиши, тақиқ ва чекловлар мавжуд эмаслиги – хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган барча томонлар текшириб чиқилади.

Иккинчи томондан, қурилиш бўлимлари ер участкаси ҳудуди шаҳарсозлик меъёрларига мос келиши, хусусийлаштириш учун мумкинлигини ўрганади. Барча текширувлардан ўтгандан кейин фуқарога тўловни амалга ошириш, яъни хусусийлаштириш ҳақида хабарнома юборилади. Хабарнома орқали хусусийлаштириш учун тўловни амалга оширади.


Фуқаро ўзига тегишли ерларни ҳовли-уйлар жойлашган ер участкасини қандай хусусийлаштиради? Хусусийлаштириш тўлови қанчага тушади?

Барчамиз ер участкасига ер солиғи тўлаймиз. Мулкдорлар, ердан фойдаланувчилар учун хусусийлаштириш тўлови мазкур ер участкаси учун ҳисобланган ер солиғи миқдорининг 20 баробари деб белгиланган.

Мана шу тўлов амалга оширилгандан кейин маълумотлар биллинг тизимида ҳисобга олиниб, давлат органлари томонидан ўша ер участкасига бўлган давлат ордери берилади. Мазкур ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади.

Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзи сотиб олиши мумкин. Бу аукционга қўйилмайди ва бошқа одам сотиб олиши ёки бошқа одамга ўтиб кетиши мумкин эмас.

 

Ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий: лекин бундан фуқарога нима фойда?

Биринчидан, ерга бўлган мулк ҳуқуқига эга бўласиз. Дейлик, “Ҳовлимнинг бир қисмини ўғлимга ҳадя қилмоқчиман ёки кимгадир бермоқчиман, ярмини сотмоқчиман”, дейсиз. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ер участкасини қисмларга бўлиб сотиш имконини беради. Қанчасини кимга сотиши мулкдорнинг хоҳиши, ер – ўзиники.

Иккинчидан, ерни сиздан давлат олиб қўя олмайди, фақат сотиб олиши мумкин. Қонунчиликда давлатга тегишли ерлар ёки бошқа шахслар фойдаланишида бўлган ерлар олиб қўйилиши назарда тутилади. Мулк ҳуқуқидан бошқа 5 та ҳуқуққа тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши мумкин. Сиз ерингизга нисбатан мулк ҳуқуқини олишингиз билан (хусусийлаштириш орқали) давлат шунчаки сизга тегишли бўлган ерни олиб қўя олмайди.

Агар ер участкаси давлатга керак бўлса, сиздан бозор нархида, шартнома асосида сотиб олиши мумкин. Сиздан давлат ерингизни келишилган нархда сотиб олсагина, ер давлатга ўтади. Ер “снос”га тушиб кетмайди. Бу – мулк ҳуқуқининг кафолатланиши.

Учинчидан, ерингизни эркин қўшиш, тақсимлаш ва ажратиш ҳуқуқига эга бўласиз. Қонунчиликда шу кунгача мулк ҳуқуқи ер участкасига нисбатан бўлмаган. Ер участкаларини қўшиб юбориш, ажратиш ва қайта тақсимлаш механизмлари бор. Шу механизмлар ер участкасига мулк ҳуқуқи бўлгандагина ишлайди. Бунинг учун маълум ҳудудда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи кўпайса, механизмлар эффектини кўрамиз.

Тўртинчидан, ердан гаров сифатида фойдаланиш имконияти ерга нисбатан мулк ҳуқуқини олганингиздан кейин ундан гаров объекти сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Ерни мулк сифатида банкка гаровга қўйиб, ипотека олиш имконияти ҳам юзага келади.

 Розиқ Имомов,

вилоят судининг судьяси.