Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

О’zLiDeP 16 хил миллат истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролари билан очиқ мулоқот уюштирди

О’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака маҳалласида «Қўшничилик муносабатларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатли бўлиш — юртимизда аҳилликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шарти» мавзусида амалий учрашув уюштирди.

- Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларда янги босқич бошланди. Бағрикенглик, инсонпарварлик миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётда ўзининг тўлиқ ифодасини топди, - дейди О’zLiDeP Самарқанд шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Ҳасан Хўжақулов. - Самарқанд кўп миллатли шаҳар. Ушбу тадбирни айнан Мир Саид Барака маҳалласида ўтказишимиз ҳам бежиз эмас. Сабаби, бу ерда  қатор йиллардан буён турли миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳат бўлиб яшаб келмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишаётганлигини алоҳида эътироф этдилар.

 - Маҳалламизда 16 хил миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳил ва дўстона муносабатда яшаб келишмоқда. Энг ёши улуғ фуқароларимиздан корейс миллатидан мансуб 106 ёшли Тен Мария, 100 ёшли бошқирд қизи Маръям Дусметова, 92 ёшли арман қизи Мария Абрамова, 91 ёшли уйғур қизи Саломатхон Юсупова маҳалламизнинг фахри, - дейди Мир Саид Барака МФЙ раиси Шерзод Сайдуллаев.

Бахтигул Қаршиева,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот хизмати.