Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда яна бир жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Паст Дарғом тумани "Новчандир" маҳалласида яшовчи, Р.А., Б.И., Ш.Х.лар Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани "Нефтчи" маҳалласида яшовчи Х.Б. ҳамда Бойсун тумани "Ўрта Мачай" маҳалласида яшовчи Э.Ш.лар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, 13 февраль куни соат тахминан 01:30 ларда "Парчачандир" маҳалласида яшовчи М.нинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кирган.
Улар бу ердан баҳоси 2 миллион сўмлик телевизор ҳамда 1,5 миллион сўмлик электр печини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, бу жиноий гуруҳ аъзолари 21 февраль куни соат тахминан 01:00 да Паст Дарғом тумани "Чандиробод" маҳалласида яшовчи Н.нинг яшаш хонадонига девор орқали кириб, у ердан телевизор, шамол пуркагич (вентилятор) ва қимматбаҳо ханжар, 10 март куни эса шу маҳаллада яшовчи Э.нинг хонадонига ўғриликка кириб, 2,5 миллион сўмлик карнай ва 1 дона телевизорни олиб, воқеа жойидан яширинган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, ушбу гуруҳ аъзолари ўзларига яна 4 нафар шахсни жалб қилиб, туман ҳудудидаги бир нечта хонадонлардан мол, қўй ва бошқа чорва молларини ўғирлаб келганлиги аниқланган.

Паст Дарғом тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, ўғирланган буюмлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. 9 нафар гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.