Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст дарғомлик “тадбиркор” сотаётган қарийб 179 миллион сўмлик маҳсулот олиб қўйилди

Бугун тадбиркорлик субъектларининг эмин-эркин фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Чунки, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Қулай имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ноқонуний фаолият юритишни мақсад қилаётган, солиқ тўлашдан қочишни афзал билаётганлар ҳамон учраб турибди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган назорат тадбирлари давомида ҳужжатсиз иш юритишни ўзига касб қилиб олган “тадбиркорлар” фаолияти юзага чиқмоқда.

Масалан, Паст Дарғом туманида истиқомат қилувчи Б.Н. асосий талаб – давлат рўйхатидан ўтиб, солиқларни тўлашга панжа орасидан қарайдиганлар тоифасидан чиқиб қолди. Йўқса, у ҳужжатсиз равишда ун савдоси билан шуғулланмаган бўларди. Ўтказилган назорат тадбирида қилмиши фош бўлган фуқародан қиймати 178 миллион 886 минг сўмлик 13 турдаги 1083 қоп ун далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Иштихон туманида ўтказилган профилактик тадбирларда ҳам бир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Хусусан, фуқаролар Ж.Н. ва М.К. давлат рўйхатидан ўтмасдан, пойабзал савдоси билан шуғулланаётгани маълум бўлди. Оқибатда Ж.Н.дан 2 миллион 870 минг сўмлик ва М.К.дан 4 миллион 60 минг сўмлик эркаклар пойабзаллари далилий ашё сифатида олинди.

Фуқаро Л.Қ. эса Иштихон кўчасида жойлашган бинода аёллар либосларини тикиш билан ноқонуний шуғулланиб келгани солиқчиларнинг нигоҳидан четда қолмади. Назорат тадбири мобайнида сири фош бўлган чевар “тадбиркор”нинг умумий қиймати 9 миллион 900 минг сўмлик 3 дона тикув машинаси далилий ашё сифатида олинди.

Мухтасар айтганда, амалдаги қонун талабларига риоя этмайдиган, турли қинғир йўлларни хуш кўрадиган “тадбиркорлар”нинг фаолияти узоққа чўзилмайди. Энг мақбули, тартиб-қоидаларни четлаб ўтмасдан, қонуний иш юритиш. Шунда тадбиркор ҳам, эл-юрт ҳам манфаат кўради.

Мусурмон МАМАДИЁРОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими.