Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқда қиморхона фош этилди, ҳуқуқбузарлар устидан жиноят иши қўзғатилди

1 апрель куни соат 20:30 ларда вилоят ИИБ жиноят-қидирув бўлими ва давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари Пайариқ тумани Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи 43 ёшли Ж.Хуршид ўзининг яшаш хонадонида қимор ва “ЛОТО” ўйинини қонунга хилоф равишда ташкил қилганлигини аниқлади.

Ўйин ташкил этилган хонадондан “ЛОТО” ўйинида иштирокчилар томонидан тикилган ва уларнинг ўйнашлари учун шароит яратиш эвазига берилган 298 000 сўм пуллар, ўйинда ишлатилган ва захирадаги 235 дона тошлар, 790 дона ушбу ўйинда фойдаланиш учун мўлжалланган 50 сўмлик тангалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ж.Хуршидга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқбузарлар процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.