Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пиротехника воситалари савдоси: кимдир манфаат кўради, кимдир жабр тортади

Давлат хавфсизлиги хизмати Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида юртимизга турли ноқонуний йўллар билан пиротехника воситаларини олиб келаётган шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Жумладан, жорий йилнинг 7 декабрь куни «Пиротехника-2022» тадбирлари давомида Нуробод туманида олиб борилган профилактик ишлар давомида Нуробод тумани Жом маҳалласида яшовчи 1977 йилда туғилган фуқаро А.А. 2 қути, жами 110 дона, умумий қиймати 80 минг сўмлик «Трения» номли пиротехника воситаларини ноқонуний равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.

«Хавфсиз ҳудуд» профилактик тадбири юзасидан Жомбой тумани Шерқўрғон маҳалласида яшовчи фуқаро Б.И.га тегишли савдо дўкони тадбир иштирокчилари томонидан текширилганда умумий қиймати 200 минг сўмлик бўлган 495 дона, туманнинг Холвойи маҳалласида яшовчи А.Ж. эса 2 миллион сўм миқдоридаги 4 260 дона «Трения» номли пиротехника воситаси сақлаб келаётганлиги аниқланди. Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан дастлабки терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган худди шундай тадбирлар давомида 13-умумий ўрта таълим мактабида олиб борилган профилактик ишлар натижасида Очилди Мирий номли маҳаллада яшовчи 2006 йилда туғилган, вояга етмаган О.А. ноқонуний равишда сақлаб юрган 600 минг сўм қийматидаги 1 100 дона «Новый век» номли пиротехника воситалари ҳужжатлаштириб олинди.

 

Ушбу ҳолатлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Кейинги вақтларда вояга етмаганлар ўртасида ноқонуний пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари нисбатан кўпайиб бораётганлигидан келиб чиқиб, таълим муассасаларида «пиротехника» воситаларини аниқлаш, уларга қарши мунтазам равишда қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда тезкор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, 7 декабрь куни Каттақўрғон туманидаги 68-мактабда ҳамкор ташкилотлар ходимлари томонидан вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилганда ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчилари Қўшҳовуз маҳалласида яшовчи вояга етмаганлар - 2007 йилда туғилган Ш.А., Х.С. ва Р.И.ларнинг ён чўнтагидан жами 80 дона умумий қиймати 50 минг сўмлик пиротехника воситалари далилий ашё сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган. Шунингдек, тумандаги 24-мактабнинг 9-синф ўқувчилари Қумоқ маҳалласида яшовчи вояга етмаган 2006 йилда туғилган С.О.нинг ён чўнтагидан 5 дона умумий қиймати 5 минг сўмлик пиротехника воситалари борлиги аниқланган. 

Ушбу ҳолатларнинг барчасида вояга етмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Пахтачи тумани ҳудудида олиб борилган «Пиротехника-2022» профилактик тадбири давомида Сардоба маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган, вояга етмаган 2-сонли касб-ҳунар мактаби 2-босқич ўқувчиси Д.А. ўз хонадонида умумий баҳоси 200 минг сўм қийматдаги 480 дона «Трения» номли пиротехника воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган. Худди шундай, Гулистон маҳалласида яшовчи 28-сонли умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Б.Х. ҳам умумий баҳоси 300 минг сўм қийматидаги 600 дона «Британик» номли пиротехника воситаларидан фойдаланиш мақсадида олиб юргани аниқланиб, далилий ашё сифатида тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Юқоридаги каби профилактик тадбирлар Паст Дарғом тумани ҳудудида ҳам олиб борилди. Жараён давомида туманнинг Қатортерак маҳалласида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро М.Ў.да 218 дона умумий қиймати 100 минг сўмлик «Трения» номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тадбирда Самарқанд тумани Оқмачит маҳалласида яшовчи 1974 йилда туғилган, 3 нафар фарзанднинг отаси, «Фаёзжон Найимов» оилавий корхонаси раҳбари Ф.Н. ўзига тегишли савдо дўконида пиротехника воситалари савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган. Унинг яшаш манзилидаги баҳоси 7 миллион 370 минг сўмга тенг бўлган 12 598 дона пиротехника воситалари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Булунғур туманидаги Бешқўтон маҳалласи ҳудудида ҳам пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига қаратилган рейд тадбири ўтказилди. Тадбир давомида 1995 йилда туғилган С.Р.га тегишли бўлган савдо дўконида 550 дона умумий қиймати 400 минг сўмлик пиротехника воситасини сотаётганлиги, Оқдарё туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида тумандаги Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи 2006 йилда туғилган фуқаро О.А. 240 дона умумий қиймати 100 минг сўмлик пиротехника воситаларини сотиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланди.

 Албатта, жиноят жазосиз қолмайди, бироқ оқибати аянчли якун топиши маълум бўлган бу каби қабиҳ ишларга қўл ураётган кимсаларнинг касрига жондан азиз дилбандларимизнинг қолиши, чақноқ кўзларида қувонч ва шодлик ортиқ акс этмаслиги мумкин бўлиши барчамизни огоҳликка чорлаши керак.