Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пресс-тур: Журналист ва блогерлар бугун Самарқандда нега қурилишлар сабаб бетартиблик бўлаётгани ҳақидаги саволга жавоб олдилар

Вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида олиб борилаётган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб қатнашчилар Бўстонсарой кўчасида олиб борилаётган йўл қурилиши билан танишдилар. Улкан бунёдкорлик ишлари давом этаётган мазкур кўчанинг 800 метр қисмидаги «снос» қилинган 78 та уй эгаларига 25 миллиард сўм компенсация пуллари, айримларига ўзлари хоҳлаган ҳудуддан уй-жой ажратиб берилган. 

Дастлабки босқичда қурилиш ишлари Бўстонсарой кўчасининг 800 метр қисмида олиб борилиб, Сиёб ариғи тепасидаги пастлик тўлдирилиб, текис йўлга айланади, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров. – Автомобиллар учун қурилаётган 6 тасмали йўлнинг икки четида пиёдалар ва велойўлаклар бўлиб, бетон ариқлар ўрнатилади. Сиёб ариғи устидаги кўприк ҳам кенгайтирилади. 

Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасидаги туннель қурилишида иккинчи босқич ишлари олиб борилмоқда. Мазкур туннелнинг узунлиги 624 метр бўлиб баландлиги 5,5 метрни ташкил этади. Пиёдалар учун ер ости йўлаклари қурилади. 

Туннель устига дастлабки темир-бетон блокни ўрнатдик, - дейди «Кўприкқурилиштрести» МО-1 отряди муҳандиси Азиз Бекмирзаев. – Кўприк остида 4 тасмали автомобиль, 2 тасмали трамвай йўллари қурилади. Барча ичимлик сув, электр энергияси, табиий газ, оқова тармоқлари ҳамда коммуникация тизимлари ўтказиб бўлинди. Пиёдалар учун ер ости йўлаклари қуриляпти. Икки ой ичида кўприкдан транспортлар ўтишига рухсат берилади. Июнь ойида 157 миллиард сўм сарфланиши лозим бўлган туннелнинг иккинчи қисмини қуриш бошланади. 300 нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган мазкур объект 2021 йил якунига қадар ишга туширилади.  

Беш километрдан зиёд бўлган Ибн Сино кўчаси бўйлаб ичимлик сув ва оқова тармоқлари тортиш ишлари якунланди. Йўлнинг икки томонида пиёда ва велойўлаклар қурилиб, кўкаламзорлаштирилди. Афросиёб кўчасидан Ойдин ҳаёт кўчасигача бўлган қисмида ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Йўл четида кичик хиёбон бунёд этилиб, ландшафт дизайни бутунлай замонавий тус олади. Шунингдек, кипарис, арча, олхўри, робинья, акация каби ўн турдаги манзарали дарахт кўчатлари, буталар ўтқазилади. 

Пресс-турда журналист ва блогерлар "Самарқанд халқаро аэропорти"нинг янги терминали қурилиши билан таништирилди. «Enter Engineering PTE Lmd» компанияси томонидан қурилаётган Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган мазкур замонавий аэропорт учун 80 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланмоқда. Шунингдек, бу ерда Россия, Туркия, Германия ҳамда Буюк Британиядан келган қурувчи-муҳандислар меҳнат қилмоқда.

- Янги терминалимиз ишга тушса, бир вақтнинг ўзида 4 та рейсга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади, - дейди "Самарқанд халқаро аэропорти" бош муҳандиси Зафар Гапиров. - 2019 йилда бир ҳафтада 49 та рейсга хизмат кўрсатган бўлса, энди бу бир иш кунида амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида 1200 йўловчига 20 рўйхатдан ўтказиш нуқтаси хизмат кўрсатади. 

Халқаро аэропортнинг реконструкция қилиниши боис мазкур ҳудудда жойлашган 765 та турар ва нотурар жойлар, жумладан, 688 та дала ҳовли бузилади. Ҳозирча бюджетдан 20 миллиард сўм компенсация пуллари ажратилди. Уйларнинг эгаларига огоҳлантириш хатлари берилиб, уларнинг розилиги билан «снос» қилинмоқда.  

Самарқанд шаҳрини қайта қуриш концепцияси бўйича Самарқанд шаҳри ва Янгиобод маҳалласини боғловчи Қорадарё устидан кўприк қурилади. Бугунги кунда 1788 та уй жойлашган 210 гектарлик ҳудудда 9,16 ва 25 қаватгача кўп квартирали уйлар қурилиб, 90 минг аҳолига мўлжалланган Ширин шаҳарчаси бунёд бўлади.

- Самарқанд темир йўл вокзалининг орқа томонидаги 15 минг аҳоли истиқомат қилувчи 6 та маҳалла жойлашган 270 гектар майдонда ҳам 90 минг киши яшовчи янги шаҳарча қурилади, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Олимов. – Айни пайтда шаҳарча қурилиши мўлжалланган ҳудудда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашиб, уларга огоҳлантирувчи хатлар бериб бораяпмиз. «Снос»лар амалга оширилаётганда бирорта хонадон эгалари норози қилинмайди. Мазкур шаҳарча беш йил ичида қурилиб фойдаланишга топширилади. 

Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида барпо этилаётган Туризм маркази қурилиш билан ҳам танишди. 

Сингапурнинг «Enter Engineering PTE Lmd» компанияси томонидан барпо этилаётган «Самарқанд Сити» туризм маркази 212 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни бунёд этиш учун 353 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Замонавий лойиҳалар асосида 10 та объект, жумладан, 2 минг кишилик Конгресс Холл, 8 та меҳмонхона ҳамда «Абадий шаҳар» карвонсарой мажмуаси бунёд этиляпти. 2022 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган марказга шу пайтгача 726 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 

Журналистларни туризм марказидаги иссиқхонада ўстирилаётган 50 дан ортиқ турли манзарали ва мевали дарахт, анвойи гул кўчатлари ва буталар қизиқтириб қўйди. 

- Иссиқхонада Туркия ва Италиядан келтирилган 2600 дан зиёд дарахт, 6 минг туп ноёб гул кўчатлари парваришланмоқда, - дейди марказ бош агрономи Ёрқин Ҳожиев. – Иқлимимиз қуруқ, шу сабабли ўстирилаётган кўчатларимиз шу ерда табиатимизга мослаштирилмоқда. Қайси давлатдан кўчат олаётган бўлсак, аввало, шу жойнинг тупроқ таркиби, иқлими, иссиққа чидамлилигини ўрганиб кўряпмиз. Айни пайтда Италиядан яна 100 турга яқин турли дарахт ва гул кўчатларини келтиришни мўлжаллаяпмиз. Уларни ҳам мослаштириб экиш мавсуми, яъни, куз фаслигача сақлаб, яхшилаб ўрганамиз. 

Шунингдек, марказда яна 1 гектар майдонга иссиқхона ташкил этилади. Уларда барқ уриб ўсаётган дуб, қайин, хамелион, писарда каби ўнлаб турдаги дарахт кўчатлари бутун туризм маркази бўйлаб ўтқазилади.

Шунингдек, пресс-тур қатнашчилари қурилиши давом этаётган М-37 автомагистраль йўлидаги монолит кўприк, Президент мактаби, Уста Умар Жўрақулов, Панжакент, Даҳбед, Рудакий ҳамда Зарафшон шоҳ кўчаларида «Сув таъминот» МЧЖ, вилоят автомобил йўллардан фойдаланиш ҳудудий бошқармаси, "Самарқанд минтақавий йўл хизмати" ДУК каби корхона ва ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишдилар. Тегишли соҳа мутасаддилари журналистлар ва блогерларнинг саволларига жавоб беришди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.