Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент кортежидаги автомобиль иштирокида "авария" ҳақидаги хабарлар рад этилди

Бугун, 3 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Президент ташрифи вақтида кўча супураётган аёлни ҳокимлик машинаси уриб кетди. Аёл икки кундан буён комада” сарлавҳаси остидаги хабар тарқалди.

Аниқланишича, 2021 йилнинг 1 июнь куни соат 07:30 ларда ҳайдовчи Э.Б. ўз бошқарувида бўлган “Каптива” русумли автомобилни Термиз шаҳри, “Шодлик” маҳалласидаги Амир Темур кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, ушбу кўчанинг “Баркамол авлод” марказий кўчаси билан кесишган чорраҳасидан ўтаётган вақтда унга нисбатан чап томондан ўнг томонга қараб пиёдалар йўлакчасидан велосипедда кетаётган П.Р.ни автомашинасининг олд қисми билан туртиб юборган. Оқибатда фуқаро П.Р. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиалидаги жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси хабар беришича, ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суриштирув давомида аниқланишича, мазкур транспорт воситаси давлат раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи жараёнида ташкил этилган кортеж автомобилларига алоқаси йўқ. Бундан ташқари, Амир Темур ва "Баркамол авлод" кўчаларининг кесишмасида кортеж ҳаракатланмаган.