Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент мактабларига қабул бошланди: Бу даргоҳга кириш ва ўқиш осонми?

Фарзандини халқаро стандартлар асосида ўқишини, малакали хорижий устозлар дарсларида иштирок этишини истамаган ота-она бўлмаса керак. Президент мактаблари ана шундай имконият эшикларини очади.

Мамлакатимиздаги Президент мактабларига 2022-2023 ўқув йили учун қабул бошланди. Президент таълим муассасалари агентлиги берган маълумотларга кўра, Президент мактабларига қабул 1 июндан 20 июнга қадар давом этади. Ҳужжатлар ariza.piima.uz сайти орқали онлайн қабул килинади.

Самарқанд, шунингдек, Тошкент, Нукус, Хива, Наманган, Андижон, Фарғона, Қарши, Термиз, Бухоро, Навоий, Гулистон, Жиззах ва Нурафшон шаҳарларида жойлашган Президент мактабларига 4-синфни тугатган ўқувчилар ҳужжат топширишлари мумкин.

Президент мактабларига ҳужжатлар ҳудудий мансублик асосида қабул қилинади. Талабгор ўзи таҳсил олаётган ҳудуддаги Президент мактабига ҳужжат топшира олади. Имтиҳонлар математика, инглиз тили, танқидий фикрлаш ва муаммони ҳал қилиш фанларидан бўлиб ўтади.

Президент мактабларига ҳужжат топшириш учун қуйидагилар талаб этилади. Жумладан, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, мактаб директори томонидан тасдиқланган маълумотнома шакли, охирги 2 ойда олинган 3х4 расм, мактаб директори томонидан тасдиқланган баҳолар табели нусхаси, талабгорнинг ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг паспорт маълумотлари ва доимий ишлаб турган телефон рақамлари талаб этилади.

Шунингдек, талабгор математика ва табиатшунослик фанларидан жорий ўқув йилини аъло баҳоларга битирган бўлиши шарт.

Энг асосийси, ўқувчининг ID рақами ва имтиҳон билан боғлиқ бўлган барча маълумотларини жўнатиш учун доимий фаол бўлган иккита рақамни киритиши муҳим. Бундан ташқари, қўшимча маълумот олиш мақсадида колл-марказ фаолияти ташкил этилган бўлиб, 1206 қисқа рақамига мурожаат этиш мумкин.