Президент таҳририятларга имтиёз берди

Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида вилоятдаги ОАВ вакиллари иштирокида Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда уюшманинг вилоят бўлими раиси Ф.Тошев мазкур қарор ва унинг ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.
- Мазкур қарорнинг имзоланиши биз, ижод аҳлини янада ўз устимизда ишлашга ундайди, - деди Ф.Тошев. - Бунинг учун берилган имтиёзга жавобан эндиликда ўз газета ва сайтимизда, телевидение ва радиода таҳлилий-танқидий, халққа манзур бўладиган мақолалар сонини оширишимиз зарур. ОАВ вакиллари келгусида долзарб материаллар билан грант лойиҳаларида қатнашиш, турли танловларда иштирок этиш имконияти янада кенгайгани аҳамиятли бўлди.
Тадбирда мазкур қарордан келиб чиқиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимликлари алоҳида қарор қабул қилиши, унда газеталар таҳририятининг моддий-техник базасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши, шунингдек, таҳририятлар ҳам иш режасини ишлаб чиқиши кераклиги таъкидланди.
Бундан ташқари, журналист кадрларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича ҳам ҳамкорликда иш олиб борилиши, вақтни ҳисобга олиб, марказлашган ҳолда туман ва шаҳар таҳририятлари ижодий ходимларини онлайн ўқитиш тизими йўлга қўйилиши айтилди.
Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаев қарорнинг муҳим жиҳатларига, айниқса, келгусида таҳририятлар ишини янада яхшилаш борасидаги янгиликларга тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, эндиликда қарор бўйича ахборот-кутубхона марказларига даврий ва электрон нашрлар обунаси бюджет маблағидан қопланиши ҳам таҳририятларга енгиллик бўлди.
Семинарга таклиф этилган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Орифжон Муҳаммадиев ОАВ вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси борасида келгусида журналистлар уюшмасига ҳам бир қатор ҳуқуқлар берилгани, вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Бекзод Солиев қарорда келтирилган таҳририятларнинг фойда солиғи 50 фоизгача камайтирилиши бўйича маълумотлар берди.
Ҳусан Элтоев.