Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президентликка номзод вакцина масаласига панжа ортидан қаралаётганидан хавотир билдирди

У шунингдек, омма тарғиботдан кўра тушунтиришга эҳтиёжмандлигини қайд этган.

"Қарийб икки йилдирки, инсоният коронавирус зарбидан жабр кўриб келмоқда. Юртимизда ҳам эпидемиологик вазият бошланганига бир ярим йил бўлиб қолди. Мазкур хавфдан ҳамма ҳадиксираб тургани, соғлиғи ва хотиржамлигини йўқотган бўлишига қарамай уни даф этувчи қурол – вакцина бағрикенглик билан қарши олинмади, очиғи. Бунга вакцина атрофида айланаётган миш-мишлар сабабдир.

Норасмий манбалар томонидан вакцинанинг зарари ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар урчиб, афсуски, улар тарозида холис ахборотдан кўра оғирроқ келмоқда. Вакцинанинг фойдаси ҳамда заруратини чуқур ҳис этган ҳолда ишонч билан эмланаётганлар кам, буни тан олиш керак. Кимдир шубҳа, кимдир мажбуран (иш жойини сақлаб қолиш мақсадида) яна кимлардир тушунмаган ва бу ҳақида ўйлашни ҳам истамаган ҳолда вакцина қабул қилмоқда.

Тиббиётчилар ҳамда фаоллар томонидан вакцина тарғиб қилиняпти, ҳа, бу айнан тарғиб. Ҳозирги омма эса тарғиботдан кўра тушунтириш ишларига эҳтиёжманд. Зеро, соғлиқ учун муҳим восита “Мен вакцина олдим, сизчи?” каби акциялардан кейин шахсларга тақлидан эмас, ўз ҳаёти ва саломатлиги ҳақида қайғуриб, шахсий ёндашув ва мустақил қарор орқали турмушига татбиқ этилиши даркор.

Сўнгги пайтлар вакцина олишга талабгорлар бирмунча кўпайди. Бироқ бу тарғибот маҳсули эмас. Балки коронавирус аниқланган беморларнинг кундалик антирекорди одамларнинг фикрини бирмунча ўзгартирди. Кунига мингта бемор, 7-8 та ўлим кўрсаткичлари инсонларнинг фикрини ўзгартирди ва вакцина манзилига йўналтирди.

Аммо, эндигина ҳолат барқарорлашай деганда, бошқа бир муаммо кўндаланг туриб қолди: иккинчи доза қабул қилувчилар учун вакцинанинг мавжуд эмаслиги. Бунга нима дейсиз? Аввалига “ZF-UZ-VAC” туридаги вакцинасида танқислик юзага келгани, иккинчи доза қабул қилиш истагида поликлиникага мурожаат қилган инсонлар қуруқ қўл билан қайтгани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва бунга Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатга олиш билан боғлиқ ташкилий ишлар борлигини айтиб қисқа жавоб қайтарди. Вазирлик айтган муддат келди ҳамки, ҳамон одамлар ўша эски савол билан қолмоқдалар. Аксинча, масала олдига масала қўшилиб, “Moderna” ва “Спутник” туридаги  вакциналарда ҳам такрорий эмланиш учун доза тайёр эмаслиги ҳақида хабарлар кела бошлади.

Вакцинацияга давлат даражасида аҳамият берилаётган бир пайтда, коронавирус глобал муаммога айланган бугунги замонда нега вакцина масалаласига панжа ортидан қаралмоқда? Иккинчи доза танқислиги юзага келиши ишларнинг режасиз амалга оширилгани, аввалбошдан пишиқ-пухта дастурлар асосида ишланмаганидан далолатдир. Тиббиётчилар тасдиқлайдиларки, вакцинанинг биринчи босқичи билан кишида етарлича антитанача ҳосил бўлмайди. Такрорий дозаларни қабул қилганидан 14 кун ўтибгина вирусга қарши курашишга етарли даражада иммунитет шаклланади. Демак, босқичлар орасида узилиш бўлса, вирусга чалиниш эҳтимоли сақланиб қолаверади. Шундай экан, аҳолини тўлақонли эмлаш нечоғлик долзарблиги бу ишнинг тепасида турганлар учун сир эмас. Тез орада масъуллар томонидан бу муаммо ижобий ҳал этилиши, халқимизга зарур вакциналар ўз вақтида етказилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини кутиб қоламиз", деб ёзади президентликка номзод, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов.

Шунингдек, Б.Абдуҳакимов яна бир масалага одамлар эътиборини қаратишни таъкидлаган: "Вакциналар ихтироси бошлангач, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия каби давлатлар ўз илм намуналарини тақдим эта бошладилар. Ҳатто қўшни Қозоғистон ҳам ўз вакцинасини ярата олди. Юртимизда илм-фан ривожига эътибор юқорилиги ва салоҳиятли олимларимиз борлигига қарамай, биздан бундай ташаббус чиқмади. Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган вакцина эса бу фикримизга ўчирғич бўлолмади. Чунки унинг атрофида ҳам турли миш-мишлар тарқади-ю, мутасаддилар томонидан раддия берилмади. Агар маҳаллий вакцинамизга эга бўлсак, танқислик муаммосидан қийналмасмидик.

Яна бир надоматким, аҳолида миллий маҳсулотларга ишонч юқори эмас. “Хитой-Ўзбекистон вакцинаси” таърифини эшитибоқ, “Йўқ, мен “Модерна” ёки “Спутник” билан эмланаман” деб ўз истакларини билдираётган фуқароларимиз оз эмас. Албатта, ҳар ким танлов эркинлигига эга. Уларнинг қарорини “Хўрозқанд чет элники бўлса ётволиб ялайди” айблови билан хаспўшлаш нотўғри, балки бу ҳолат тўғри хулоса чиқаришга ундовчи бир аломатдир. Олимларимиз сифатли маҳсулот яратиб, ўз илмини исботлай олса, халқ унга нисбатан чанқоқлик ҳис этади.

Мухтасар айтганда, пандемия ҳам, вакцинация жараёни ҳам илм-фан олдида жиддий муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Уларни англаш ва тўғрилаш келажак фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз".