Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қадимий шаҳарчада олти асрлик тарих бор

Самарқанд туризм маркази таркибида қад ростлаётган “Абадий шаҳар” карвонсаройи қадим Самарқанднинг тимсоли, Амир Темур даврини ўзида мужассам этадиган нодир шаҳарчага айланяпти.

Бу ердаги 60 та хонада кулол, ёғоч ўймакор, мармар ўймакор, кошинкор, бошқа қадим ҳунар эгалари жойлашади. Ҳар бири ўзига хос - Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Тошкент ҳунармандчилик санъатини намоён қилади.

Буюк Ипак йўли карвонлари – зардўзлик буюмларини самарқанд­лик машҳур зардўз Ҳамидахон Иноятова шогирдлари билан тикмоқда.

Самарқандда азалдан наққош­лик санъатининг ўзига хос услуби, мактаби яратилган. Мирзо Улуғбек, Шердор мадрасалари, Амир Темур мақбараси кошинларидан андаза олиниб, Самарқанд кошинкорлик мактабининг янгича усули яратилди. Бу мактаб намояндаларидан Абдували Набиев ва шогирдларининг кошинкорлик материаллари “Абадий шаҳар” карвонсаройида барпо этилаётган биноларда, Самарқанд туризм маркази бино ва иншоотларида ишлатиляпти.  

Ҳожиқурбон Жалолов Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳужраларидаги муқарнас санъатини асл ҳолида тиклаган. Уста шогирдлари билан шаҳарчадаги миллий услубдаги ошхона пештоқига қадим муқарнас санъати билан геометрик шаклларда безак беряпти. Ганчкор уста Амриддин Нажмиддинов ва ўғли Аҳмаджон раҳбарлигида 100 нафарга яқин уста ганчкорлик ишларини, Насрулло Соҳибназаров ҳамда Миржамол Асадовлар шогирдлари билан дарвоза, эшик, устун ва бошқа ёғоч ўймакорлик ишларини амалга оширмоқда.  

Қадимий шаҳарча пишиқ ғиштдан бино қилиняпти. Минора баландлиги 27 метр. Уни Раҳмон Тоҳиров шогирдлари ёрдамида тиклади. Ҳозирда қуриб битказилган минора ва гумбазга нақшли кошинлар ёпиштирилмоқда. Уста Шокир Мўминов ҳам шу ерда ўзининг наққошлик санъатини намоён этмоқда.

Самарқанд туризм маркази бино-иншоотларида, қадимий шаҳар биноларида алоҳида кўзга ташланадиган ноёб санъат – мармар ўймакорлигининг янги шарқона намунаси яратилмоқда. Бинолар ичкариси ёки сиртига сокол – пастки қисмидан 80 сантиметр жойида чиройли кўркам мармар, унинг ўртасида нақшли кошин ўрнатиляпти. Бундан яхлит санъат асари, гулпарчин, турфа рангдаги мармар гулли кошинлар пайдо бўлади. Бу нодир санъатни моҳир  мармар ўймакор уста Тойир Багиров шогирди Зойир Дўстов ва ёш усталар билан бажаряпти.

Бир сўз билан айтганда, “Абадий шаҳар” карвонсаройи қадимий ҳунармандлик билан уйғун ҳолда бугунги куннинг энг моҳир усталари томонидан яратиляпти, жило топ­япти.

Жўрахон Иноятов, вилоят “Уста” бирлашмаси директори, Убай Қодирхон, журналист.