Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Қаҳрли жангчи” ёхуд “Устоз”: ИШИДнинг янги етакчиси қай даражада хавфли

“Ислом давлати” террорчилик ташкилоти (Ўзбекистонда тақиқланган) етакчиси Абу Бакр ал-Боғдодий ўлимидан сўнг АҚШ ҳукумати ташкилотнинг янги етакчиси Абдул Раҳмон ал-Мавли ал-Салбини халқаро террорчи, деб эълон қилди ва унинг боши учун беш миллион АҚШ доллари пул мукофоти тайинлади.

Коронавирус пандемияси АҚШ жамоатчилигини шу қадар хавотирга солиб қўйдики, бир қарашда мамлакат сиёсатчиларининг коронавирусдан бошқа ишлари йўқдек таассурот уйғота бошлади. Бироқ Яқин Шарқдаги вазият ва “Ислом Давлати” ташкилоти хавфи илгаригидек, Вашингтоннинг диққат-эътиборида қолмоқда.

“ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Боғдодийнинг ўлимидан сўнг унинг ўрнини Абдул Раҳмон ал-Мавли ал-Салби эгаллади. Янги етакчи ташкилотнинг вужудга келишида кўп ташаббус кўрсатган: одам ўғирлаш, Ироқнинг шимолий-ғарбидаги жанговар ҳаракатларидаги иштироки ва йирик террористик тадбирларни бошқарган”, дея таъкидлади АҚШ Давлат департаменти.

Абдул Раҳмон ал-Мавли ал-Салби халқаро террорчи деб эълон қилинди. Бу АҚШ фуқароларига у билан ҳар қандай алоқалар ўрнатилиши таъқиқланишини ва унинг Америка ҳудудида жойлашган ҳар қандай шахсий мулкига ҳибс жорий этилишини англатади. “АҚШ Сурия ва Ироқда ташкил этилган халифаликни деярли йўқ қилди. Бироқ биз унинг дунё бўйлаб тарқаб кетган бўлинмалари билан курашни давом эттирмоқдамиз - ИШИД етакчилари асосий вазифамиз”, дея алоҳида таъкидланди Давлат департаментида.

2019 йилда америкаликлар томонидан ал-Боғдодий йўқ қилинганидан сўнг махсус хизматчилар томонидан ИШИДга Абу Иброҳим ал-Хашеми ал-Кураши янги етакчи етиб тайинлангани аниқланди. Бироқ у ҳақидаги маълумотлар бир-бирига ўта зид эди. Шу билан бирга, ал-Боғдодийнинг яна бир ўринбосари Абдулла Кардаш ҳақида маълумотлар мавжуд эди. Номлари тилга олинаётган иккала террорчи ҳам Ироқнинг кам сонли туркманларидан эдилар. Иккаласи ҳам Саддам Ҳусайн армиясида хизмат қилган ва америкаликларга қарши жангларда иштирок этган. Аммо кўп ўтмай Кардашнинг ўлими тўғрисида маълумот олинди. Унинг қизи ушбу маълумотни тасдиқлади.

АҚШ махсус хизмати томонидан етакчиликка учинчи номзод этиб, Абдул Раҳмон ал-Мавли ал-Салби эътироф этиларди. Унинг номи террорчиларнинг ўзаро сўзлашувларида кўп маротаба тилга олинган. Вазиятни кескинлиги шунда эдики, махсус хизматлар учала номзоднинг ҳам юз тузилишини билмасди.

Кўплаб изланиш ва ўрганишлар учала номзод ҳам аслида бир одам эканлиги, турли исмлар чалғитиш учун ўйлаб топилган, деган тахминларни юзага келтирди. Айни вақтда Ғарб махсус хизматчилари ал-Салби ва ал-Кураши бир шахс эканликларига деярли ишончлари комил.

Ал-Боғдодийнинг вориси ал-Салби Мосул шаҳридаги ислом универститетини тугатиб, шариат олими даражасини олди. ИШИД асосчиси билан у Американинг Ироққа юришидан сўнг, 2004 йилда қамоқда танишди. Улар “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти (Ўзбекистонда тақиқланган) тарафдорлари бўлганликлари учун тез тил топишди. Ал-Салбининг юқори даражадаги даъват қилиш хусусияти унга тезда кўтарилишга имкон берди. Ал-Боғдодий уни ИШИД мафкурасини шакллантиришга раҳбар этиб тайинлади. Ал-Салби шу қадар кучли ва ҳиссиётли даъват этардики, натижада ИШИДчилар уни “Қаҳрли жангчи” ва “Устоз” номлари билан атай бошладилар.

Арабшунос олим, Цивилизациялар диалоги (суҳбати) илмий тадқиқотлар институти раҳбари Алексей Малашенконинг фикрига кўра, АҚШ Давлат департаментининг янги етакчи тўғрисида берган маълумотлари – бу ИШИД билан жанг давом этаётганини кўрсатиш ва ҳисобот беришга уринишдир.

“Дастлаб Усама Бен Лоден йўқ қилинди. Ўзига хос, хавфли ва аҳамиятли шахс. Унинг ўрнига ал-Боғдодий келди. У ҳам кучли террорчи. Аммо биринчиси билан (Бен Лоден) солиштириш даражасида эмас. Ал-Салби америкаликлар учун кичкина балиқ. Аммо ИШИДнинг йўқ бўлмаганлигини тақдим этиш муҳим”, дея таъкидлади мутахассис.  

Террорчилар ҳозир ҳам жиддий хавф туғдиришлари мумкин. “ИШИД йўқ қилинган бўлса-да, халифалик ташкил этиш ғояси ҳали ҳам тирик. Ташкилот Ливиянинг жанубида, Сомалида ёки Нигерияда қайта вужудга келиши мумкин. Бунга қарши чоралар кўрилиши зарур”, деб қўшимча қилди Малашенко.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.