Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қаловини топса, тошлоқдан ҳам даромад олиш мумкин

  • Пиёз кўчатидан 3 ойда 30 миллион топаётган аёллар.
  • Иш жойи далада-ю, биринчи бор деҳқончилик учун ер олган оиланинг қувончи.
  • Хориж ускунасидан олдин хонадонда ясалган миникультиватор.
  • Ўрмон ёнғоғини хонадонида ўстираётган томорқачи.

Ер йигитнинг ори, оиласининг қўрғони, томорқа эса даромади, фаровонлиги, тирикчилиги сифатида қаралади. Ҳақиқатан ҳам ерга меҳр қўйган киши учун бу сифатлар бегона эмас.

Булунғур тумани Килдон маҳалласида яшовчи Илҳом Эшонқулов 2005 йилдан буён Россияда ишлаб, оиласига пул жўнатган. 20 сотих томорқаси бўлса-да, ердан бу қадар катта даромад олишни билмаган.

- 2016 йилда 20 сотих томорқамни ҳайдаш учун кичик ерни шудгорлаш ускунаси ясадим, - дей­ди И.Эшонқулов. – Бу ускунада электр энергиясида ишлаб, ерни керакли чуқурликда шудгорлаш мумкин ва бунинг учун ускунам йилига 100 кВт соат электр сарфлайди. Ўша пайтларда хориждан бу каби миникультиваторлар ҳали кириб келмаганди. Шунда маҳалладаги қўшниларим бунинг учун патент ол, деб маслаҳат ҳам беришди. Кейин интернетдан томорқада иссиқхона ташкил этиш ва яхши даромад олиш усулини кўриб қолдим. Суриштирсам, бизда профилни қайириб бериш хизмати жуда қиммат экан, шунинг учун ўзим шундай ускуна ясадим. 2019 йилда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 8 фоизлик 100 миллион сўм кредит олиб, 15 сотих иссиқхона қурдим. Яна интернетдан корейслар карам ва сабзини махсус усулда экаётганлигини кўриб, 8х8 ўлчамда ускуна ясадим. 15 сотих иссиқхонанинг ярмига сабзи, қолган қисмига бодринг экдим. 7,5 сотих иссиқхонадан 6-7 тонна бодринг ҳосили олиб, бозорга чиқардим. Бодрингдан 15 миллион сўм ва сабзидан 7 миллион сўмдан ортиқ даромад олдим. Такрорий экинга помидор экдим. Ўтган йили деҳқончилик учун сув танқислиги кузатилди ва иссиқхонага томчилатиб суғориш тизимини жорий қилдим. Бу йил томорқамдаги очиқ майдонга ҳам томчилатиб суғориш тизимини ўрнатдим. Бу сувни тежаб қолмасдан, ҳосилдорликни оширишда ҳам яхши самарадорликка эга экан.

Уддабурон томорқачи чорва моллари боқиш, 40 тупдан ортиқ турли мевали дарахт, ток билан бирга, ўрмон ёнғоғи ва бошқа ноёб ўсимликларни ҳам кўпайтираётган экан.

Туман марказидан 30 километр олисда жойлашган Хўжамазгил маҳалласида яшовчилар асосан картошка, пиёз ва ловия экиш билан шуғулланади. Шу маҳалладаги Нуриддин Умиров фермер хўжалигида деҳқончилик билан шуғулланади, лекин ўз ери бўлмаганлиги туфайли доимий даромади йўқ. Маҳалла фаоллари бу оилани “Темир дафтар”га киритди, “E-AUKSION” дастурида қатнашиб, 10 сотих ер олишди. “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида маҳалладаги 30 дан ортиқ оила бир контурга дуккакли экин экди. Ҳозирдан маҳсулот хариди учун шартномалар тузилиб, такрорий экинга экиладиган экинлар учун ҳам буюртмалар аниқ бўлди.

Яна бир манзилимиз туманнинг Эсонтурди маҳалласи бўлди. Бу ерда томорқаларга асосан пиёз экилган. Қиш фасли поёнига етмасдан экилган пиёз кўчат ҳолида сотилганда, яхши даромад олиш мумкин экан.

- Маҳалламиз ҳудуди асосан тошлоқ ер ҳисобланади, - дейди томорқачи Бахтиёр Туропов. – Имкониятдан келиб чиқиб, ерга мос экин танлаймиз. Февраль ойи якунига етмасдан 15 сотих томорқамизга пиёз экамиз, кейин бошқа далага экиш учун кўчат қилинади. Асосийси, бошқа ҳудудда одамлар томорқасини экинга тайёрламасдан туриб, каттагина даромадга эга бўламиз. Ўтган йили пиёз кўчатининг 1 квадрат метри 20 минг сўмга баҳоланганди ва 3 ойда 30 миллион сўм даромад олдик. Бу йил ҳам шунча майдонда пиёз кўчати етиштиряпмиз ва 1 гектар майдонга экамиз. Пиёзнинг гектаридан 100 тонна ҳосил олинади ва уни энг арзон нархда – килограмини 1500 сўмдан сотганимизда ҳам 150 миллион сўм даромад олинади. Пиёз кўчатидан бўшаган майдонга такрорий экин сифатида картошка, полиз-сабзавот экинлари экамиз.

Томорқачининг айтишича, томорқадаги экинлардан олинган ҳосилнинг барчаси ҳисобланмайди, аммо даромад ўртача 60-70 миллион сўмдан ортади. Бу маҳаллада хорижга ишлаш учун кетаётганларни учратиш қийин.

“Қаловини топса, қор ҳам ёнади” деганлари шу бўлса керак. Тошлоқ ерда ҳам катта даромад олиш учун деҳқончилик сирларини пухта ўзлаштирганлар шу ерда ҳам яхши фойдага эга бўлмоқда.

Ўктам Худойбердиев.

* * *

Бахтиёр Мустанов олган сурат.