Қарз берилганини гувоҳ билан ҳам исботласа бўладими?
Фуқаролик кодексининг 733-моддаси 1-қисмига биноан қарз берувчи юридик шахс бўлганида ёки фуқаролар ўртасида тузилган қарз шартномасининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (3 млн 400 минг сўм) дан ортиқ бўлган ҳолларда қарз шартномасини оддий ёзма шаклда тузилиши талаб қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги 16-сон қарорининг 21-бандига асосан судлар қарз шартномасининг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмаслигини назарда тутишлари лозим.
Фуқаролик кодекси, 109-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига мувофиқ, тарафлар бундай ҳолда гувоҳларнинг кўрсатувларига асосланишга ҳақли эмас, лекин бу уларни ёзма ва бошқа далиллар келтириш имкониятидан маҳрум қилмайди.
Агар пул ёки ашё олганлик факти инкор этилмаса, у ҳолда уни ёзма далиллар билан тасдиқлаш талаб қилинмайди, ҳар бир тараф ўз талабларини асослаш учун келтираётган ҳолатларни исботлашга мажбур.
Шунга кўра, бир тараф пул ёки ашёни қарз учун берганини тасдиқлаб, иккинчи тараф уни олганини инкор қилмасдан бу пул ёки ашё қарзга эмас, балки ҳадя тариқасида берган деб тасдиқласа, суд пул ёки ашё олган тарафдан қарз эмас, балки ҳадя шартномаси бўлганлигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши ва шу асосга кўра низони ҳал қилиши лозим.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.