Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қирғиз Республикаси мудофаа вазири Самарқанд шаҳрининг тарихий масканлари билан танишди

Қирғиз Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Бактибек Бекболотов бошчилигида ҳарбий делегация Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрининг тарихий масканлари билан яқиндан танишди.

Меҳмонларни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги раҳбарияти янгидан қуриб битказилган Самарқанд халқаро аэропортида кутиб олишди.

Делегация аъзолари салкам 3 минг йиллик тарихга эга бўлган, ҳамиша навқирон Самарқандда сақланаётган ва халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозланиб келинаётган археологик ёдгорликлар ва меъморий обидалар билан яқиндан танишди.

Саёҳат давомида улар қадимий ва сержило меъморчилик обидалари, ўрта асрлар даврига оид мовий гумбазли муаззам миноралар, ўлмас обидаларга эга мазкур шаҳарнинг нақадар ривож топганини ва аждодларимизнинг бунёдкорлигига гувоҳ бўлишди.

Ҳарбий делегация Самарқандга ташрифи чоғида Марказий ҳарбий округда ҳам бўлиб, у ерда яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди.

Жумладан, тарих ўқув биноси, ахборот технологиялари ўқув синфлари ҳамда жанговар машғулотлар синфида бўлиб, миллий армиямизнинг қудрати ҳар томонлама юксалиб бораётганини кўрди.

Ташриф якунида меҳмонларга округ қўмондонлигининг эсдалик совғалари топширилди.