Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработнинг янги уйларидаги муаммолар қачон бартараф этилади?

Сиз суратларда кўриб турган ушбу манзара туман марказидаги кўп қаватли уйлар ва уларнинг атрофида акс этган, деб ёзади Қўшработ тумани “Истиқбол сари” газетаси телеграм канали.

Бу ҳудуд ўтган йил "Обод қишлоқ" дастури асосида қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилган Мустақиллик маҳалласи ҳудудида жойлашган 2-мактабгача таълим ташкилоти қарашли. Муассасага кириб-чиқувчилар кўп қаватли уйлардан чиқаётган бу чиқиндилардан зада бўлишган.

- Бир неча ойдирки, бу ҳудуднинг тозалигига ҳеч ким эътибор бермайди, - дейди 2-МТТ мудираси С.Турсунова. – Ҳар хил чиқиндига тўлган ариқдан ёғингарчиликда сув оқмайди. Масала юзасидан мутасаддиларга ҳам мурожаат қилдик. Муассаса атрофини ходимларимиз қанча тозаламасин, ташланаётган чиқиндилар ҳудуд кўринишига соя солиб келяпти.

Кейинги йилларда туман марказида жойлашган мазкур кўп қаватли уйлар оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда бир неча бор танқид қилинди. Танқиддан сўнг уйларнинг ташқи кўриниши бир мунча яхшиланди. Аммо суваш ва пардозлаш учун катта миқдордаги пул маблағлари ажратилишига қарамасдан, уйларнинг фасад қисми сувоқлари бир йил ўтар-ўтмас кўчиб туша бошлади. Бундан ташқари, ҳожатхона, канализация, ичимлик суви, газ муаммоси анчадан бери аҳолини қийнаб келмоқда. Кейинги вақтларда электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳам шунча муаммога қўшимча бўлди.

- Уй-жой мулкдорлари ширкати ходимларининг бор-йўқлиги ҳам билинмайди, - дейди ушбу кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Дилшода Абдумўминова. – Ёш болаларимиз бор. Уйларимиз совуқ. Ичимлик сувидан ҳам анча қийинчиликлар юзага келмоқда. Олдинлари битта қудуқдан пул тўлаб фойдаланардик. Ҳозир эса биринчи қаватдагилар ўзлари учун шундай қудуқлар қаздириб олишган.

Дилноза ҲАСАНОВА.

Ислом БОБОҚУЛОВ (фото).