Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қонунда бор, аммо электр таъминоти корхоналарида нега ижро қилинмаяпти?

Жанубий Кореяни Жанубий Корея қилган оилавий корхоналар экан. Масалан, "Samsung" компанияси дастлаб оилавий корпортатив сифатида иш бошлаган. Давлатнинг қўллаб-қувватлови билан жаҳон бозорида етакчига айланган корхонада 100 минглаб одам иш билан таъминланган.

Бизда ҳам шундай гигант иш берувчиларни шакллантириш учун қонуний асослар етарли. Бироқ уларни амалга ошириш учун қонуности ёки тизимга оид тўсиқлар бор.

Бунга электр энергияси тизимидаги баъзи қоида ё нормалар орасида тартибга солинадиган, қайсики, бугунги кун талабларига мос тушмайдиганларини мисол келтириш мумкин.

Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Нарпай тумани бўлими “A.O” оилавий корхонаси раҳбари С.И.га нисбатан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий иш очди. Чунки тадбиркор пайвандлаш ва бошқа ускуналарни тўғридан-тўғри электр тармоғига улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келганлиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 830,3 миллион сўм зарар етказган.

Балки тергов ҳаракатлари якунида вазият кутилмаган тарафга ўзгариши мумкин. Амалиётда бундай ҳолатлар учраб туради. Лекин нима бўлганда ҳам бир ҳолат турли саволлар пайдо қилади. Тадбиркорлик субъекти тармоққа ноқонуний уланиши мумкинми? Агар шундай бўлса, у тадбиркор эмас.

Майли, масаланинг бу жиҳатлари кўпам муҳим аҳамиятга эга эмас. Лекин бир жиҳатни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Чунки Самарқанд шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ўтган йили 800 миллион сўмлик электр энергияси истеъмол қилган. Демак, мантиқан олиб қарайдиган бўлсак, Нарпайдаги оилавий корхона электр тармоқларига ноқонуний уланиб олганига бир йил бўлганми?

Гарчи тергов материалларида бу ҳақда аниқ давр кўрсатилмаган бўлса-да, келинг, бу муддатни ярим йил, деб олайлик, ўринли савол туғилмайдими – тармоқ эгалари, монтёрлар наҳот шунча пайт “ток”дан кимдир ўғринча фойдаланаётганини сезмаган бўлса?!

Балки бошида икки ўртада “нимадир” олди-берди бўлиб тургану кейинчалик тадбиркор “хизмат ҳақи”ни беришдан бош тортганидан кейин “ушлаб” берилгандир?! Аммо айни пайтда кўпчиликни қизиқтираётган бошқа масалалар ҳам бор.

Масалан, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланишини таъминлаш тартиби белгиланган.

Унга кўра, оилавий корхона тураржойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.

Аммо амалда бу норма мутлақо ишламайди. Оилавий корхона мақоми  бир том остидаги одамларга бирор иш билан шуғулланиб, аввало, рўзғорини бут қилиши учун берилган имконият ва имтиёз. Шу боис бундай тадбиркорлик фаолиятини уйида амалга ошириш учун унинг муайян қисмини нотураржойга айлантириш шарт эмас.

Аммо савол туғилади: бундан кимга, нима наф, зотан, қонунда белгиланган енгиллик амалда ишламаса?

Айни шу савол билан Энергетика вазирлиги билан боғланиб кўрдик. Улар берган жавобга кўра, қонунда белгиланган имтиёз қўлланиши, яъни оилавий корхона аҳоли билан бир хил нархда электр энергияси харид қилиш учун корхонани рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси ҳамда ҳақиқатан тураржойда фаолият олиб бораётганлигини тасдиқловчи ҳужжат (кадастр ҳужжати) тақдим этилиши лозим.

Хўп шундай ҳам дейлик, бу талаб қайси ҳужжат билан белгиланган?

Қолаверса, ҳозир халқ давлатга эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги тамойилидан келиб чиқадиган бўлсак, тармоқ корхоналари оилавий корхонага “кечирасиз, шартнома имзолашда корхона гувоҳномаси ва уй-жойингизнинг кадастр ҳужжатини илова қилинг”, дейиши керак эмасми?

Аниқроқ айтганда, электр тармоқлари оилавий тадбиркорлик субъектига “Сиз аҳоли учун белгиланган тариф бўйича тўлайсиз, давлатимиз раҳбарининг сиёсати бу – энди бола-чақангиз билан кўпроқ пул топишингиз керак”, дейишга мажбур-ку!

Ё.Марқаев.