Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қорабоғдаги зиддият: Алиев ва Пашинян янги баёнот билан чиқди

Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғ ҳудудидаги вазият, шунингдек, минтақанинг мақоми тўғрисида янги баёнот беришди. Бу ҳақда 19 октябрь куни Sputnik нашри хабар берди.

Озарбайжон президенти ўзининг Твиттер саҳифасида Озарбайжон армияси Жаброил туманида жойлашган бир нечта аҳоли яшаш пунктларини ўз назоратига олганини маълум қилди.

“Озарбайжон қуролли кучлари босиб олинган Исагли Жабраил туманида жойлашган Султонли, Амирванли, Машанли, Гасанли, Аликейханли, Қумлоқ, Хожили, Гойарчинвейселли, Ниязгуллар, Кечел Меммедли, Шахвелли, Хожи Исмаилли қишлоғларини озод қилди”, деб ёзди Озарбайжон етакчиси.

Шунингдек, Илҳом Алиев Арманистон ҳукуматини навбатдаги инсонпарварлик музокараларини йўққа чиқарганликда айблади.

Ўз навбатида, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўзининг Facebook саҳифасида Қорабоғдаги жанглар ҳудуднинг мақоми учун олиб борилаётганини маълум қилди.

“Ушбу урушнинг сабаби, биринчи ўринда Қорабоғ мақоми учун олиб борилмоқда. Иккинчиси, биз ушбу урушнинг олдини олсак бўлармиди? Ҳа, агар келгусида мақомни тўғирлаш механизми бўлмаган тақдирда, ҳудудни топшириб, унинг номаълум мақомига, номаълум муддатга рози бўлганимизда”, деб ёзди Арманистон бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, Қорабоғ учун мақбул бирон бир мақомга эришиш мумкин эмас. Сабаби, охирги имконият 2011 йилда Қозон шаҳрида ўтказилган саммитда бой берилган. Ўшанда Ереван ва Боку Москва иштирокида Қорабоғдаги келишувнинг асосий тамойиллари бўйича келишувга эриша олмаган.