Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қоратепа-Омонқўтон тоғ туризми кластери ташкил этилади

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласи “туристик маҳалла”га, Ургут туманидаги Терсак қишлоғи “туризм қишлоғи”га айлантирилади.

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари ҳам туризм кўчаси бўлади.

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодиётида туризм етакчи тармоққа айланиб бормоқда. Юртимизда ҳам кейинги йилларда ушбу йўналишга катта эътибор қаратилиб, халқаро стандартларга мос сайёҳлик инфратузилмаси яратиш, хизматлар бозорини кенгайтириш мақсадида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу борада вилоятимизда олиб борилаётган ишлар бугун ўз самарасини беряпти. Самарқандга келаётган ва келиш истагида бўлган сайёҳлар сони йил сайин ошаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Афсуски, коронавирус пандемияси сабаб қарийиб бир йилдан буён бу истакнинг амалга ошиши қийин кечмоқда.

Аммо соҳани ривожлантириш борасидаги ишлар тўхтаб қолган эмас. Маълумотларга кўра, вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 2020 йил давомида умумий қиймати 306,6 миллиард сўмлик 74 та инвестицион лойиҳа амалга оширилди, 763 нафар янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, 17 та меҳмонхона, 29 та оилавий меҳмон уйи, 3 та хостел, “туризм қишлоғи”, “туризм кўчаси”, 9 та экотуризм маскани ташкил этилди.

– Бу ишлар жорий йилда яна ҳам кенг кўламда давом этади, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов. – 2021-2022 йилларда вилоятимизда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 3 триллион 337 миллиард сўм бўлган 126 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган. Бу лойиҳаларнинг салмоқли қисми жорий йилда амалга оширилади. Мисол учун, тарихи Амир Темур даврига бориб тақаладиган Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласи “туристик маҳалла”га, Ургут туманидаги Терсак қишлоғи эса “туризм қишлоғи”га айлантирилади. Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари ҳам туризм кўчаси бўлади. Ургут туманида Қоратепа-Омонқўтон тоғ туризми кластери ташкил этиш режаси ишлаб чиқилган.

Сайёҳларнинг белгиланган туризм манзилларига қулай, хавфсиз ҳамда юқори сифатли сервис кўрсатилган ҳолда етиб боришлари, эркин сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд шаҳри маркази, темирйўл вокзали, аэропорт ва автовокзалларда туризм бекатлари ташкил этилади. Самарқанд темирйўл вокзалида шундай бекат фаолият бошлади.

Ўтган йил республикамиздаги илк туризм қишлоғига айлантирилган Самарқанд туманидаги “Конигил туризм қишлоғи”да бу йил иккинчи босқичда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Ҳозирда бу ерда 92 та туристик объект ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланди. Умумий узунлиги 2,2 километр, майдон 7,1 гектар бўлган ҳудуд танлаб олинди. Ушбу ҳудуд лотларга ажратилган ҳолда ҳунарманд ва тадбиркорларга тақдим этилади.

Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида ташкил этилаётган туристик марказдан Конигил туризм қишлоғи бўйлаб Регистон майдонигача бўлган ҳудудда пиёдалар йўлаги ва велойўлаклар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ҳам маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун катта қулайлик бўлади.

Самарқанд шаҳар Боғибаланд маҳалласи ҳудудида Хўжа Исҳоқи Вали масжиди мавжуд. Ушбу тарихий масканни яна ҳам обод қилиш ва сайёҳлик объектлари қаторига қўшиш мақсадида Хўжа Исҳоқи Вали зиёратгоҳи барпо этилади.

Бугунги мураккаб шароитда мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ушбу жараёнда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан биринчи навбатда туристлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматлари 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидияланади. Шунингдек, 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилиши кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов.