Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшниларнинг ерлари ўз жойида, бироқ бири иккинчисининг ҳуқуқини бузмаслиги зарур

Яқинда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясида булунғурлик икки қўшнининг ер майдони бўйича низоли иши кўриб чиқилди.

Суд иши ҳужжатларида қайд қилинишича Т.Каримов (исм-фамилиялар шартли) ўзига тегишли ер майдонидан У.Ҳамидовни чиқаришни, у қурган икки қаватли бинонинг ўзининг ерига қаратиб ўрнатилган эшик ва ромларни ёптиришни сўраб, даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Шунингдек, мурожаатда қўшнисининг томидан тушадиган оқова сувларини бошқа томонга йўналтиришни, қўшнисига ўзига тегишли 0,25 гектар ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклашни сўралган. Бундан ташқари, қўшниси ўрнатган девор тўсиқлари ва қурилиш материалларини олдириб ташлашни даъво қилган.

Архитектура бўлими хулосасига кўра, туман ҳокимининг 2007 йил 16 февралдаги қарорига асосан қайд қилинган 0,25 гектар ер майдони Т.Каримовга хусусий маблағлари ҳисобидан савдо маркази қуриш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш мажбурияти билан ижара шартлари асосида вақтинчалик фойдаланиш учун берилган.

Туман ҳокимининг 2012 йил 1 августдаги қарори билан эса аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва савдо маркази, гипохлорид натрий ишлаб чиқариш, газланган ва газланмаган минерал сув қуйиш цехи биносини 2013 йилнинг 1 сентябрга қадар қуриб, фойдаланишга топшириш шарти билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктирилган.

Биринчи инстанция суди У.Ҳамидовни Т.Каримовга тегишли ер майдонидан чиқаришга қарор қилган. Шунингдек, жавобгарга даъвогарга ўзининг ерида қурилиш ишларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслик мажбурияти юкланиб, унинг ерида ўрнатган девор тўсиқлар ва қурилиш материалларини олиш ҳамда оқова сувларини бошқа томонга йўналтириш мажбурияти юклатилган. Бундан ташқари, даъвонинг У.Ҳамидов томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 10 метр квадрат ер майдонини Т.Каримовга олиб бериш қисми қаноатлантирилган.

Ҳал қилув қарорига нисбатан У.Ҳамидов келтирган апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан сайёр суд мажлисида низоли жой кўздан кечирилиб, мутахассис иштирокида ўлчов ишлари амалга оширилган. Аниқланишича, тарафларга ажратилган ер майдони ёнма-ён жойлашган. У.Ҳамидов томонидан қурилган бино ва унинг бетон йўлаги (тротуар) ўзига тегишли ер майдонида жойлашган, бироқ мазкур бинонинг том қисмидан келадиган оқова сувлар Т.Каримовга тегишли ер майдонига тушади. Бундан ташқари, У.Ҳамидов Т.Каримовга ажратилган ер майдонида девор тўсиқлар қурган ва қурилиш материаллари сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Шу боис, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясида Т.Каримов қилаётган даъво талабларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 10 метр ер майдонини олиб бериш қисми рад қилинди.

Ҳусен Акобиров,

фуқаролик ишлари бўйича

вилоят суди катта мутахассиси.