Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқда қотиллик жиноятини содир этган ўқитувчиларга нисбатан суд жараёни бошланди

Тергов органи томонидан Пайариқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, туманнинг Накурт маҳалласида яшаган С.А. ҳамкасби, аммаваччаси Б.Х. билан қасддан одам ўлдирганликда айбланган.

Жиноятга қўл урган бу икки ўқитувчига нисбатан суд жараёни бошланди. Жиноят иши вилоят судининг судьяси Т.Қодиров раислигида кўриб чиқилмоқда.

Жиноят ишидаги ҳужжатларга кўра, Пайариқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси вазифасида ишлаб келиб, ҳаётга қарши жиноятлар туркумига кирувчи - жавобгарлигида оғирлаштирувчи ҳолатларда, яъни бир гуруҳ шахслар билан безорилик оқибатида, ўта шафқатсизлик билан ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришда ифодаланган, таснифланишига кўра ўта оғир жиноятларни қуйидаги усул, вақт ва ҳолатларда қасддан содир қилган.

Жумладан, С.А. 2019 йил 23 октябрь куни 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, яъни аммаваччаси Б.Х. билан ўзлари яшаб келаётган Пайариқ тумани, Накурт маҳалласи, Қўшилиш қишлоғида яшовчи Ш.Ч.нинг яшаш уйида бўлган тўй маросимида спиртли ичимлик истеъмол қилган.

Спиртли ичимлик таъсирида бўлган бу икковлон соат 18:00 да уйга қайтаётган вақтида қишлоқ ички йўли бўйлаб Қўшработ тумани, Қувкалла қишлоғида яшовчи, Пайариқ тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мудири С.У. билан келиб чиққан келишмовчилик оқибатида қасддан уни уриб ўлдирган.

Собиқ ўқитувчиларга нисбатан 2019 йил 24 октябрь куни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Отабек ҚОДИРОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судья катта ёрдамчиси.