Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қозон шаҳридаги юртдошларимизга сайловда овоз бериш имконияти яратилади

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги (Россия Федерацияси) Бош консули Фариддин Насриев ахборот берди.

Бош консулхонада ўтказилган анжуманда қайд қилинганидек, олдинги сайловларда хориждаги сайловчилар рўйхатига фақатгина консуллик рўйхатига кирган фуқароларимиз киритилган ва турли сабаблар билан чет элда юрган кўплаб юртдошларимиз жараёндан четда қолиб кетган.

«Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтаётган бу галги сайловларда барча сайловчилар, жумладан, хориждаги сайлаш ҳуқуқига эга барча фуқароларимиз иштирок этиши учун шароит яратилмоқда.

Хусусан, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларида хориждаги сайлов участкаларини тегишли сайлов округига бириктириш белгиланди.

Ушбу қарорга мувофиқ консуллик округи ҳудудида 52-сайлов участкаси тузилиб, у 144-Дўмбиробод сайлов округига бириктирилган.

Турли сабаблар билан Россия Федерациясида бўлиб турган ҳамюртларимиз ҳамда талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда сайловчиларга қулайликлар яратиш, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида сўз юритилди.

Таъкидландики, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари хорижда яшаётган фуқароларни хориждаги сайлов участкаси тўғрисида, Ўзбекистон фуқароларини хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари ёки бошқа йўллар билан хабардор қилади.

Хориждаги сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасалари раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Шунинг учун фуқаролар хориждаги участка сайлов комиссиясига ёзма ёки Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб-сайти орқали электрон шаклда хориждаги сайлов участкасининг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда сайловчилар сайловга 15 кун қолгунга қадар мурожаат қилишлари керак.