Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ҚҚС миқдори 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди

Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбилари тўғрисида”ги Фармон (ПФ–5837-сон, 26.09.2019 й.) имзоланди.

Фармонга мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади.

Шунингдек, солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини тўхтатиб туриш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди.

Бундан ташқари, 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳаси тайёрланишида:

* давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш;

* дивидент шаклида тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилаш;

* қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш назарда тутилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб илгари Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови суммаси Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади.